Вьетнамда 400 дан ортиқ мушук гўшти учун ўғирланди
Олам
−
17 Июнь 1966 2 дақиқа
Вьетнам полицияси Хошимин шаҳрида мушук гўшти савдоси билан шуғулланган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйиб, 400 дан ортиқ тирик мушукни қутқариб қолди. Бу ҳақда бугун, 17 июнь куни маҳаллий ОАВ ва ҳайвонларни ҳимоя қилиш ташкилотлари хабар берди.
Қайд этилишича, ўтган ҳафта бир неча кун давом этган махсус операция натижасида қутқарилган мушукларнинг 40 дан ортиғи ўз эгаларига қайтарилган. Бироқ оғир шароитда сақлангани сабабли қутқарилган ҳайвонларнинг ўнлаб қисми нобуд бўлган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Хошимин шаҳрида уй ҳайвонлари ўғирланиши билан боғлиқ ҳолатларни текшириш чоғида жиноий тармоқ изига тушган. Операция давомида тўққиз нафар гумонланувчи қўлга олинган. Полиция 45 та қафас ичида тахминан 400 та тирик мушукни аниқлаган. Шунингдек, бошқа манзилдан муз солинган контейнерларда сақланган 80 та ўлик мушук ва яна 21 та тирик мушук топилган.
Тергов маълумотларига кўра, гумонланувчилар сўнгги уч йил давомида Хошимин шаҳри, Тайнинь ва Анзянг ҳудудларида мушукларни тутиб, йиғиб келганини тан олган. Ҳайвонларни ҳимоя қилиш ташкилотлари вакиллари Вьетнамда ҳар йили миллионлаб ит ва мушуклар кўчалардан ёки хонадонлардан ўғирланиб, истеъмол учун сўйилишини айтмоқда.
Қутқарилган ҳайвонларга ёрдам бераётган Vietnam Cat Welfare ташкилоти вакили Крис Гинделҳумер кўплаб оилалар ўз мушукларини излаб келаётганини билдирган.
“Кўплаб вьетнамлик оилаларнинг ўз мушукларини қидириб келаётганини кўриш жуда таъсирли. Аммо айримлар ўз жониворларини топа олмаётгани юракни оғритади”, деган у.
Унинг сўзларига кўра, ветеринарлар ва кўнгиллилар қутқарилган ҳайвонларни даволаш учун кеча-ю кундуз ишламоқда.
Маълумот учун, айни пайтда Вьетнамда ит ва мушук гўштини истеъмол қилиш қонунан тақиқланмаган. Бироқ савдогарлар ҳайвонларнинг келиб чиқишини тасдиқловчи рухсатномага эга бўлиши шарт. Шу билан бирга, мамлакатнинг айрим шаҳарлари, жумладан, Хойан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ит ва мушук гўшти истеъмолини қисқартириш бўйича ишлар олиб бормоқда.
Жанубий Корея 2024 йилда ит гўшти савдосини тақиқлаганидан сўнг, Вьетнам ҳукумати ҳам уй ҳайвонлари ва уларнинг эгаларини яхшироқ ҳимоя қилиш учун қонунчиликни ислоҳ қилиш режаларини маълум қилган. https://qalampir.uz/news/zhanubiy-koreyada-it-gushtini-yeyish-tak-ik-landi-95693
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида доимий равишда ит сўйиб келган 2 нафар эркак ушланган эди.
Live
БарчасиАҚШ ва Эрон меморандум имзолади
18 Июнь