ЎзЖОКУда ходимлар ректорга салом бермаган талабани калтаклади

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети 4-босқич талабаси муассаса ходимлари (икки нафар) томонидан калтаклангани ҳақида хабарлар тарқалди. Муштлашувга талаба университет ректори Шерзод Қудратхўжага салом бермагани сабаб бўлгани айтилмоқда.

ЎзЖОКУ маъмурияти ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган хабарга муносабат билдириб, ҳолат бўйича ички суриштирувлар бошлагани ва масала барча тарафдан тўлиқ ўрганилаётганини маълум қилди.

“Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, университет ташкил этилганидан буён бу каби ҳолатлар ЎзЖОКУда кузатилмаган ва университет жамоаси, айниқса, ректори томонидан талабаларга нисбатан ҳар қандай салбий муносабат доим қораланади.

Биз университет жамоаси билан юқоридаги каби вазиятларга қарши эканимизни билдириб, ҳолат бўйича яқин соатларда аниқ маълумотлар берилишини маълум қиламиз”, дейилади ОТМ маъмурияти хабарида.

ЎзЖОКУ ректори Шерзод Қудратхўжа университет талабаларининг ижтимоий тармоқдаги гуруҳига аудио йўллаб, унда бўлган воқеадан бехабарлигини айтиб ўтган.

“Талаба мурожаатидан ҳам хабарим йўқ. Бу нарсани мен кўрмадим. Куни бўйи ётоқхона қидириб Тошкент шаҳар ҳокими ва вазир билан бирга эдим. Бу ҳолат бўйича суриштирув олиб бораман. Албатта, бу ишни қилганлар, ноҳақ ҳаракат қилганлар жазоланади. Талабанинг салом бериш-бермаслиги бу ихтиёрий, ўзига, тарбиясига боғлиқ. Лекин буни деб кимнидир уришиш, кимнидир калтаклаш умуман мумкин эмас. Шунинг учун мен у болага ўзимга чиқишини таклиф қиламан.

Ҳеч ким “отчисление” бўлмайди, ҳеч кимга ҳеч қанақа чора кўрилмайди. Буни мен ректор сифатида сизларга айтаман, кимдир орқамдан айтган бўлса, улар бекорнинг бештасини ебди. Тушунарлими? Ҳеч қанақа ваҳима, ҳеч қанақа ўринли қанақадир жойлар йўқ. Соғ-саломат бўлинг, ўша йигит ўзимга келиб учрашишини сўрайман. Мени умуман хабарим йўқ. Илтимос, шу овозлини ким қаердан кетган бўлса, ўша манбага беришларингизни сўрайман”, деган ректор.


Мақола муаллифи

Теглар

ЎзЖОКУ

Баҳолаганлар

672

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг