“Uzum Market” устидан шикоят қилганларга пуллари қайтариб берилди
Жамият
−
11:48 3934 2 дақиқа
Истеъмолчилар томонидан “Uzum Market” МЧЖ ХК га нисбатан 100 дан ортиқ сифатсиз товарлар ва маҳсулот вақтида етказилмаганилиги ҳақида шикоятлар Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига келиб тушган. Бу ҳақда бугун, 30 январь куни Қўмита расмий саҳифасида маълум қилди.
Келтирилишича, ижтимоий тармоқлар орқали қолдирилган 100 дан ортиқ мурожаатларда “Uzum Market” томонидан кўрсатилаётган хизматлар юзасидан турли эътирозлар билдирилган.
Хусусан, иловаларнинг тўғри ишламаслиги, буюртмаларни белгиланган муддатда етказиб бермаслик ёки хатоликларга йўл қўйилиши, етказилган товарларда нуқсонлар мавжудлиги ҳамда шартномаларни бекор қилишда қийинчиликлар қайд этилган.
Ушбу ҳолатлар Рақобат қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилиб, мурожаатларда кўрсатилган муаммолар ижобий ҳал этилган.
Жумладан, онлайн харид қилинган чангютгич носоз чиққанлиги сабабли шартнома бекор қилиниб, 1 млн 170 минг сўмдан ортиқ маблағ истеъмолчига қайтарилган.
Шу ўринда, Қўмита истеъмолчиларни рақамли платформалар орқали маҳсулот буюртма қилиш ёки обуналарни фаоллаштиришда хизмат шартлари, қайтариш ва ҳисоб-китоб тартиблари билан олдиндан тўлиқ танишиб чиқишга чақирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ дорихоналарда тиббий спирт ўрнига лосьонлар сотилгани аниқлангани ҳақида хабар берилганди. Рақобат қўмитаси томонидан “Сирли мижоз” тадбири доирасида дорихоналарда спирт маҳсулотларининг реализация қилиниши ҳолатлари ўрганилган. Унда 20 дан ортиқ дорихоналар қамраб олинган ва шундан тахминан 25 фоизида спирт сўралганда, унинг ўрнига лосьон берилгани аниқланган.
Live
Барчаси