Истеъмолчиларга асоссиз ечилган маблағлар ва суғурта товони қайтарилди
Ўзбекистон
−
1622 2 дақиқа
Рақобат қўмитаси аралашуви билан бир қатор ҳудудларда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари тикланиб, асоссиз ечиб олинган маблағлар қайтарилди. Шунингдек, суғурта компанияси томонидан тўланмай келган 15 млн сўмлик товон пули ундирилиши таъминланди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳудудий бошқармаларга “Ишонч телефони”, колл-марказ ва бевосита мурожаатлар орқали келиб тушган шикоятлар ўрганилган. Натижада таълим, ёқилғи, муддатли тўлов, консалтинг, суғурта ва пул ўтказмалари соҳаларида истеъмолчиларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида фуқаро Нукус шаҳридаги “Arus” тикувчилик курси учун тўлаган 2,6 млн сўмнинг 1,5 млн сўмини қайтариб олган. Бунга машғулотлар бир неча бор ўзгартирилиб, кейинчалик тўхтатилгани сабаб бўлган.
Андижон вилоятида эса фуқаро онлайн илова орқали AI-92 бензини учун тўлаган 200 минг сўмнинг 158 минг сўмини ёқилғи қолмагани сабабли ололмаган. Қўмита аралашувидан сўнг ушбу маблағ унинг банк картасига қайтарилган.
Жиззах вилоятида фуқаронинг фойдаланилмаган таълим курси бўйича 6 млн сўмлик шартномаси бекор қилинган. Навоий вилоятида эса икки фуқаронинг банк карталаридан асоссиз ечиб олинган 930 минг ва 266 минг сўм тўлиқ қайтарилган.
Самарқанд вилоятида Германияга саёҳат қилиш мақсадида консалтинг хизмати учун тўланган, бироқ хизмат кўрсатилмаган 6 млн сўм фуқарога қайтарилган. Сирдарё вилоятида муддатли тўлов асосида харид қилинган смартфон учун қарз тўлиқ тўланганига қарамай, картасидан ечиб олинган 800 минг сўмга яқин маблағ ҳам қайтарилган.
Тошкент вилоятида йўл-транспорт ҳодисасидан кейин суғурта товонини ололмаган фуқарога “Kapital sug‘urta” компанияси томонидан 15 млн сўм тўлаб берилиши таъминланган. Тошкент шаҳрида эса “Alif mobile” иловаси орқали ўтказилган, белгиланган ҳисобга тушмаган ва қайтарилмаган 1,7 млн сўмга яқин маблағ фуқарога қайтарилган.
Live
Барчаси