“Узр, ўғлингизни кислотада эритиб юбордик”. Мафия адашиб ўлдирган қурбонининг ота-онасига товон пули таклиф қилди
Олам
−
20 Апрель 2023
28725Италияда мафиянинг икки вакили 23 йил аввал англашилмовчилик сабаб кислотада эритиб юборган йигитнинг ота-онасига “зарар”ни қоплаш учун товон пули ва квартира таклиф қилди.
Қайд этилишича, Неаполнинг Каморра жиноий гуруҳининг икки аъзоси 56 ёшли Салваторе Каммарота ҳамда 64 ёшли Карло Наппи бундан 23 йил аввал, 2000 йилда 26 ёшли Жулио Жассио исмли қурилиш ишчисини ўғирлаб кетган. Кейин уни отиб ташлаб, танасини кислотада куйдириб юборишган. Бироқ кейинчалик маълум бўлишича, улар Каммаротанинг синглиси билан ишқий муносабатда бўлганликда гумон қилиб, ўлдирган йигит умуман бошқа одам бўлиб чиққан.
Ўтган йилнинг декабрь ойига келибгина собиқ мафия аъзоларидан бири томонидан полицияга берилган маълумот асосида жиноятчилар ушланган. Улар жабрланувчининг ота-онасига 60 минг евро товон пули ва квартира таклиф қилишган. Италия қонунчилиги бўйича жиноят содир этган шахс жабрланувчига ёки жабрланувчининг оиласига товон тўлашни таклиф қилса, бу жазо тайинлашда енгиллаштирувчи ҳолат сифатида қаралиши мумкин. Аммо Жулионинг ота-онаси таклифни рад этиб, адолат қарор топишини истамоқда.
“Дунёдаги ҳеч қандай пул Жулиони қайтариб бера олмайди. Оила адлия тизимига ишончини сақлаб қолади”, дейди уларнинг адвокати.
Суднинг биринчи мажлиси кеча, 19 апрель куни бўлиб ўтган. Жабрланувчининг қариндошлари жиноятчиларга энг оғир жазо тайинланишини талаб қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркияда ўзбекистонлик аёлнинг чақалоғига унинг кундоши кислота сепиб юборганди. Яна бир ҳолатда Туркияда ўзбекистонлик аёл устига кислота сепиб юборилиши оқибатида вафот этганди.
LiveБарчаси