Туркияда ўзбекистонлик аёлнинг чақалоғига кундоши кислота сепиб юборди
3-саҳифа
−
19 Апрель 2023
14503Кеча, 18 апрель куни Туркиядаги Денизли шаҳрида турк аёли кундоши ўзбекистонлик аёлнинг 2 ойлик чақалоғига кислота сепиб юборди. Бу ҳақда NTV хабар берди.
Айтилишича, шаҳарнинг Памуккале туманида К.Й. турмуш ўртоғи Г.Й.нинг ўзбекистонлик маъшуқаси С.Г.дан ўч олиш мақсадида уларнинг уйига бостириб кирган. Рашк ўтида ёнган аёл кундошининг қўлидаги 2 ойлик чақалоғи устига ўзи билан олиб келган кислотани сепиб юборган. Оқибатда гўдак танасининг катта қисми ҳамда онасининг қўллари куйиб кетган. Қўшниларнинг хабар бериши билан тез ёрдам ва полиция воқеа жойига етиб келган.
Яраланган бола онаси ҳамроҳлигида Памуккале университети касалхонасига олиб кетилган. Янги туғилган чақалоқлар интенсив терапия бўлимида ётган боланинг аҳволи оғир экани маълум қилинди.
Полиция воқеадан кейин қочиб кетган К.Й.ни Фотиҳ туманидаги уйида ушлаб, ҳибсга олган. У ўзига қарши фитна борлигини иддао қилиб, ўзига қўйилган айбловларни рад этган. Полицияга кўрсатган қаршиликлари туфайли гумонланувчи суд биносига олиб кетилган.
К.Й. уни суд биносига кираверишда кутиб турган журналистларга боланинг устига ҳеч қандай модда сепмаганини ва унга қарши ёлғон айблов қўйилаётганини айтган.
Ҳодиса юзасидан тергов ишлари давом этмоқда.
Маҳаллий ОАВга кўра, туркиялик жуфтлик икки нафар фарзанднинг ота-онаси ҳисобланади.