ЎзПФЛ Вадим Абрамов ва “Динамо”га шарт қўйди
Спорт
−
21 Сентябрь 2022
4088Самарқанднинг “Динамо” клуби бош мураббийи Вадим Абрамов янгиланган мураббийлик лицензиясига эга эмас. Шу сабабли Ўзбекистон профессионал футбол лигаси клуб ва Абрамов олдига лицензия масаласини FIFA кунлари якунлангунга қадар ҳал қилиш шартини қўйди. Бу ҳақда ЎзПФЛ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Абрамов янгиланган мураббийлик лицензиясини олмайдиган бўлса, у 20-тур учрашувларидан бошлаб техник зонага киритилмайди.
“Суперлига иштирокчиси бўлган “Динамо” футбол клубига 20-турга қадар бош мураббий Вадим Абрамовнинг янгиланган лицензиясини тақдим этиш учун вақт берилди. Вадим Абрамов ҳамда “Динамо” футбол клуби ўртасида тузилган меҳнат шартномаси жамоа ҳолатидан келиб чиқиб, вақтинча рўйхатдан ўтказилганди. Ўтган вақт давомида ЎФА Футбол мутахассисларини тайёрлаш маркази ЎзПФЛ сўровига асослантирилган жавоб қайтармади. Шунингдек, клубнинг ҳам мутахассис лицензиясини тақдим этиш масаласини ортга сурди. Маълумки, “Динамо” футбол клуби мазкур талабни бажармаса ОФК лицензиясини ҳам қўлга кирита олмайди.ФИФА кунлари якунига қадар “Динамо” футбол клуби мазкур ҳолатни тартибга солмаса, Вадим Абрамов 20-турдан бошлаб учрашувлар давомида техник зонага киритилмайди”, дейилган ЎзПФЛ баёнотида.
Маълумот учун, Ўзбекистон Суперлиасининг ортда қолган 19 та туридан сўнг 38 тадан очко жамғарган “Насаф” ва “Пахтакор” пешқадамлик қилмоқда. “Динамо” эса бор йўги 8 очко тўплаган ҳолда яққол аутсайдер бўлиб турибди.
LiveБарчаси