Узоқ вақт телефонда “ўтирадиган” болаларда қандай муаммолар пайдо бўлиши айтилди

Бу қизиқ

−

image

Экран қаршисида кўпроқ вақт ўтказадиган болалар ўқишда, нутқ ривожланишида ва эмоционал ҳолатда муаммоларга тез-тез дуч келади. Калгари университети олимлари 64 та мамлакатдан 2,8 миллиондан ортиқ болалар ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилиб, шундай хулосага келди. Тадқиқот натижалари JAMA Pediatrics журналида чоп этилган.

Татқиқотчилар “соябон шарҳ” деб аталувчи таҳлилни ўтказган – экран вақтининг болалар ривожланишига таъсири ҳақидаги аввалги йирик илмий шарҳлар натижаларини умумлаштирган. Бунда смартфонлар, телевизорлар ва бошқа қурилмалардан фойдаланиш, шу жумладан ўйинлар, ижтимоий тармоқлар, видео томоша қилиш ва мулоқот қилиш ҳисобга олинган.

Экран қаршисида ўтказилган кўпроқ вақт умумий ўзлаштиришнинг пастроқ кўрсаткичи билан боғлиқ бўлиб чиққан. Шу билан бирга, математика, ўқиш ва табиий фанлар бўйича алоҳида кўрсаткичлар гаджетлардан фойдаланиш давомийлиги билан аниқ боғлиқликни кўрсатмаган. Муаллифларнинг билдиришича, ушбу йўналишлар камроқ ўрганилган, шу сабабли бир маъноли хулосалар чиқариш учун ҳозирча маълумотлар етарли эмас.

Бундан ташқари, узоқ вақт экран қаршисида бўлиш нутқ ривожланишининг пастроқ кўрсаткичлари билан боғлиқ бўлиб чиққан. Болаларда, шунингдек, эмоционал ва ижтимоий муаммолар, жумладан тенгдошлари билан мулоқот қилишдаги қийинчиликлар тез-тез кузатилган.

Тадқиқотчилар “интернализация хулқ-атвори” деб аталувчи ҳолат – бола асосан ўз ичида бошдан кечирадиган хавотир ва депрессия симптомлари билан ҳам боғлиқликни аниқлаган. Бир вақтнинг ўзида “экстернализация хулқ-атвори”, масалан, агрессия ва диққат вақтининг етишмаслиги ва гиперактивлик синдроми симптомлари ҳам кўпроқ учраган.

Муаллифларнинг қайд этишича, аниқланган боғлиқликлар миқёсига кўра болалар ривожланишига таъсир қилувчи бошқа баъзи маълум омилларга, жумладан ижтимоий-иқтисодий шароитлар, ота-оналарнинг хулқ-атвори ва вақтидан илгари туғилиш ҳолатларига мос келади.

Шу билан бирга, мутахассислар натижаларни айнан гаджетлар эмоционал, интеллектуал ёки хулқ-атвор муаммоларига сабаб бўлади деган исбот сифатида талқин қилмасликка чақирган. Тадқиқот кузатув ишлари маълумотларини умумлаштиради, шу сабабли у сабаб-оқибат боғланишини ўрнатишга имкон бермайди. Бундан ташқари, олимлар ҳозирча экран фаоллигининг қайси турлари энг катта таъсир кўрсатишини аниқ белгилай олмайди.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, экран вақти потенциал равишда ўзгартириш мумкин бўлган омиллардан бири бўлиши мумкин.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг