Узоқ қариндошдан яқин қўшни афзал – Хитой ТИВ
Олам
−
11 Март
17108Хитой қўшни давлатлар билан яхши қўшничиликни ривожлантириш тарафдори. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И XIV Бутунхитой халқ вакиллари кенгашининг 2-сессияси доирасидаги матбуот анжуманида айтиб ўтди.
Вазирнинг сўзларига кўра, Хитой дўстларининг асосий ташвишларини ҳурмат қилади ва юқори даражадаги яқин алоқаларни сақлаб туради.
“Халқимизда “узоқ қариндошдан яқин қўшни афзал”, деган гап бор. Қўшнилар танланмайди, Осиё эса бизнинг умумий уйимиздир. Мен ва қўшниларим бир-биримизга самимий муносабатда бўламиз. Биз бир-биримизнинг қулайлигимизни инобатга олган ҳолда умумий тил топишга, очиқ мулоқотлар орқали ўзаро тушуниш ва ишончни мустаҳкамлашга, келишмовчилик ҳамда жанжалларни мулоқот орқали бартараф этишга интиламиз. Биз биргаликда турли хавф ва қийинчиликларга қарши тура туриб, яхши қўшничилик йилномасида ёрқин эпизодларни қолдирамиз”, дейди Ван И.
Шунингдек, у Хитой қўшни давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил ривожлантираётганини таъкидлаган.
Ван Ининг билдиришича, Хитой-Лаос темирйўли, Хитой-Покистон иқтисодий йўлаги, Хитой-Марказий Осиё газ қувури, Хитой ва Малайзиядаги иккита саноат парки, Жакарта-Бандунг темирйўли каби бир қатор қўшма лойиҳаларнинг ишга туширилиши минтақа иқтисодиётига кучли туртки бўлди.
“Хитой қўшни давлатлар билан очиқлик ва инклюзивлик тарафдори. Биз очиқ минтақавийликни амалга оширамиз, Шарқий Осиё ҳамкорлигида фаол иштирок этамиз, ASEAN-марказликни қўллаб-қувватлаймиз ва Хитой-Япония-Жанубий Корея ҳамкорлигини мустаҳкамлаймиз. “Хитой – Марказий Осиё” саммити муваффақиятли ўтди, Ланьцанцзян – Меконг ҳавзасидаги ҳамкорлик жадал кенгаймоқда. Мен энг катта географик қамров ва энг кўп аҳолига эга минтақавий ташкилот сифатида ўзини намоён этган ШҲТни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман”, дейди вазир.
Хитой ўз қўшнилари билан тинч-тотув яшашнинг беш тамойилини ривожлантиришга тайёр.
“Осиёда вужудга келган беш тамойил ижтимоий тузум ва мафкурадаги тафовутларни енгиш имконини беради, халқаро муносабатларнинг асосий нормалари ва халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойилларига мос келади ҳамда давлатлараро муносабатларни тўғри тартибга солишга Шарқ донишмандлигининг ҳиссаси бўлиб хизмат қилади”, дейди Хитой Ташқи ишлар вазири.