ЎзЛиДепнинг депутатликка номзоди жавобгарликка тортилди
Жамият
−
20 Декабрь 2019
6612Наманганда Халқ депутатлари вилоят кенгашига Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзоди кўрсатилган вакил маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот хизмати хабар берди.
Сайлов кодексининг 44-моддасига кўра, депутатликка номзодлар ташвиқотни сайловчиларга имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш билан қўшиб олиб бориш тақиқланган.
Ушбу тартиб қонун билан қатъий белгилаб қўйилишига қарамасдан, Халқ депутатлари вилоят кенгашига Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Наманган шаҳридаги 32-Исфархон сайлов округидан номзоди кўрсатилган З.Хўжаев 2019 йил 3-4 декабрь кунлари Наманган шаҳридаги номзоди қўйилган “Ҳақиқат” ҳамда “Марғилон” МФЙда яшовчи сайловчилар билан учрашиб, сайлов куни унга овоз беришлари учун уларга озиқ-овқат маҳсулотларини текин тарқатиб, сайловолди ташвиқотини олиб борган.
Ушбу ҳолат юзасидан, Наманган шаҳар прокуратураси томонидан З.Хўжаевга нисбатан МЖтКнинг 51-5-моддаси билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, тўпланган ҳужжатлар мазмунан кўриб чиқиш учун Наманган шаҳар маъмурий судига юборилган.
Наманган шаҳар маъмурий судининг 20 декабрдаги қарорига асосан З.Хўжаев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-5-моддаси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг саккиз баравари миқдорида жарима жазоси қўлланилган.
Аввалроқ, ЎзЛиДепдан бўлган бошқа бир депутатликка номзод сайловчиларга арзон нархда ун ва ёғ сотгани учун жавобгарликка тортилгани ҳақида хабар берган эдик.
Эслатиб ўтамиз, 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, вилоят, шаҳар, туман кенгашлари депутатлигига сайловлар бўлиб ўтади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь