ЎзЛиДеп раиси мухолифат шаклланиши ҳақида: сабаблар, омиллар керак
Интервью
−
18 Январь 2020
6447Бугун, 18 январь куни Тошкент шаҳрида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда журналистлар томонидан ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитовга мухолифат ҳақида саволлар берилди. У бунга жавобан:
“Мана шу масала юзасидан охирги вақтлар кўплаб фикрлар билдириляпти. Масала юзасидан Президент Шавкат Мирзиёев аниқ, яққол фикрларини билдирди. Ҳақиқатан ҳам мухолифат партия ўзимизнинг орамизда шаклланиб, ривожланиши ва албатта етакчи бўлган партияларга нисбатан фикрини дадил айта олиши керак.
Менимча, 5 йил муддат кичик муддат эмас. Ушбу муддат давомида шунга асос бўладиган имкониятлар ва шунга имконият берадиган шароитлар жамиятимизда яратилган: қонунлар устуворлиги, сўз эркинлиги ва бошқалар. Лекин мухолифатнинг бирдан пайдо бўлиши учун маълум муддат керак. Бунга сабаблар керак, омиллар керак. Ўйлайманки, мана шу 5 йил шу борада ташланадиган муҳим қадам бўлади. Албатта, буларнинг ҳаммаси фикрлар қарама-қаршилиги ва айнан мана шу кўплаб муаммоларни бошқа тарафдан кўриб ечилишига сабаб бўлади деб ўйлайман”, дейди Актам Хаитов.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон сиёсатида мухолифатга йўл берилиши ҳақида илк бор 2019 йилнинг 27 декабрида гапирганди.
Президент Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабдаги ёшлар билан учрашувда мухолифат Ўзбекистонга қандай фойда келтиради дея риторик савол қўйганди.
“Ижтимоий тармоқларда мухолифат муҳокама қилинмоқда. У бизга қандай фойда келтиради? Мен Президент сифатида мухолифатга қарши эмасман. Бироқ у ўзимизда пайдо бўлиши учун муҳит яратишимиз керак. Бу шахслар халқнинг дардини билиши, улар билан барча муаммоларни бошидан кечириши ва шу ернинг нонини еб, сувини ичиши керак”, деган эди Шавкат Мирзиёев.
LiveБарчаси