ЎзЛиДеП бу можародан халқ ишончини суиистеъмол қилаётган бўлиб чиқаверади – Қодиров "UZAUTOMOTORS” можароси ҳақида
Жамият
−
24 Август 2020
21147Маълумки, жорий йилнинг март ойида "UZAUTOMOTORS” Damas ва Spark автомобилларининг нархини 21 фоизгача, Nexia, Cobalt ва Lacetti нархини 15 фоизгача ошириши ортидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партиясидан сайланган бир гуруҳ депутатлар Монополияга қарши курашиш қўмитасига арз қилди. Шундан сўнг, Қўмита “UZAUTOMOTORS” АЖга “Рақобат тўғрисида”ги қонун талаблари бузилиши бўйича иш қўзғатди. Унинг сўнгги муҳокамаси 19 август куни бўлиб ўтди ва АЖ автомобиллар нархларини 3 млндан 19 млнгача тушириши юзасидан қарор қабул қилинди. Ўз навбатида “UZAUTOMOTORS” ҳам баёнот билан чиқиб, нархларни пасайтириш нияти йўқлиги, бу бўйича сўнгги хулосани фақат суд бериши мумкинлигини баён қилди.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раиси Алишер Қодиров нима учун ЎзЛиДеП “UZAUTOMOTORS” устидан ўзи шакллантирган Ҳукуматга эмас, балки Ҳукуматга ҳисобдор бўлмаган қўмитага арз қилганидан ҳайратдалигини билдирди. У ўз Telegram саҳифасида шундай ёзади:
“Ўзавтомоторс”нинг ягона акциядори “Ўзавтосаноат”. “Ўзавтосаноат”ни ягона акциядори Ҳукумат. Ҳукумат сайловларда энг кўп овоз олган ЎзЛиДеПнинг тавсияси билан шаклланган.
ЎзЛиДеП “Ўзавтомоторс” масаласини ўзи тавсия қилган Ҳукуматга эмас, Ҳукуматга ҳисобдор бўлмаган Рақобат қўмитаси ва Прокуратурага арз қилди. Бу ишончсизликка сабаб нима?
Муаммони суд тартибида кўриб чиқилиши, албатта, жуда яхши, халқ ҳақиқий ҳолатдан хабардор бўлади. Лекин суднинг қарори қандай бўлишидан қатъи назар, ЎзЛиДеП бу муаммони аввал Ҳукумат билан муҳокама қилиши керак эди. Чунки монополистлар билан боғлиқ муаммо фақат "Ўзавтомоторс"да тугамайди. Халққа қиммат автомашина сотиб зарар етказаётган монополистни судга бериб, таннархидан арзон электр энергия ва газни сотиб, зарарини бюджет маблағларидан қоплаб келаётган бошқа монополистни бошини силаб ривожланиб бўлмайди. Бозор талаб ва таклифга таяниб, манфаат учун ишлаб чиқаради. Ҳамма нарса шаффоф бўлиши керак. Ҳар икки ҳолат ҳам Ўзбекистоннинг ривожига хизмат қилмайди. Мамлакатда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар монополияларни босқичма-босқич тугатиш, бозорга мослаштириш, ЖСТга аъзолик шароитида рақобатга тайёрлашни мақсад қилган. Биз ҳали тўлиқ бозор талабларига жавоб берадиган иқтисодиётга эга эмасмиз. Ҳукумат мураккаб мувозанатни ушлаб туриш учун ностандарт қарорлар билан ишлашга мажбур бўлаётганини рад этиб бўлмайди. Шундай шароитда ўзи тавсия қилган Ҳукуматнинг бу масаладаги фикрини эшитмасдан шовқин кўтариш, узоқни ўйламасдан иш қилишдан бошқа нарса эмас”.
Алишер Қодировнинг қайд этишича, ЎзЛиДеП бошчилигида Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан очилган иш сабаб “UZAUTOMOTORS”нинг хорижий ҳамкорлар билан бошлаётган йирик лойиҳаси тўхтатиб қўйилган. Бу эса минглаб янги иш ўринлари яратилмаслигига сабаб бўлиши мумкин. Қодиров агар бўлиб ўтган воқеалар кутилган натижа бермаса партия ёки қўмитанинг узри етарли бўлмаслигига ишора қилди.
“Тасдиқланмаган хабарларга кўра, айнан шу мунозара сабабли “Ўзавтомоторс”нинг хорижий ҳамкори томонидан йирик лойиҳа тўхтатиб қўйилди. Бу минглаб ватандошларимиз учун режалаштирилган иш ўринлари эди. Даъво қаноатлантирилса, яхши, автомобиль нархлари мувофиқлаштирилади, харидорларга етказилган зарар қоплаб берилади...
Қаноатлантирилмаса-чи?!
Мамлакатнинг автомобилсозлик соҳасида йўқотишлар, етказилган зарарни қоплаш учун Рақобат қўмитаси раҳбариятининг истеъфоси ёки етакчи партиянинг узри етарли бўладими?
Қарор қандай бўлишидан қатъи назар ўтган беш йилликда ҳам, бу беш йилликда ҳам Ҳукуматни тавсия қилган (шу давр ичида автомобиль нархини белгилаб берган) ЎзЛиДеП бу можародан халқ ишончини суистеъмол қилаётган бўлиб чиқаверади”.
Эслатиб ўтамиз, ЎзЛиДеПдан депутатликка сайланганлар – Расул Кушербоев ва Дониёр Ғаниев “UZAUTOMOTORS”нинг нархларини пасайтириш борасида асосий фигурантлар саналади. Ўтган ҳафтадаги йиғилишдан кейин Ғаниев бу масалада охиригача курашишини айтганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь