Ўзини ўзи банд қилганларни рўйхатдан ўтказиш бошланди
Жамият
−
01 Июль 2020
105732020 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистонда фуқароларнинг ўзини ўзи банд қилиш бўйича фаолият турларининг 67 тагача кенгайтирилиши асосида рўйхатга олиш тартиби жорий этилади. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси Матбуот хизмати хабар бермоқда.
67 та фаолият турини ушбу ҳавола орқали билиб олиш мумкин.
“Ўзини ўзи банд қилган фуқаро сифатида рўйхатдан ўтишни хоҳловчилар буни “Soliq” мобил иловасидан фойдаланган ҳолда ёки жисмоний шахсларнинг шахсий кабинети орқали масофадан туриб, бепул амалга ошириши мумкин”, дейилади хабарда.
Бунда жисмоний шахс сифатида шахсий маълумотлар киритилганидан сўнг, фаолият турини танлаш керак бўлади. Таъкидланишича, бирйўла бир нечта фаолият турини танлаб киритса ҳам бўлади. Фаолият кўрсатиш жойи – вилоят ва туман (шаҳар), албатта, кўрсатилиши керак.
Рўйхатга олиш натижаларига кўра, ўзини ўзи банд қилганлик тўғрисидаги маълумотлар Солиқ тўловчиларнинг ягона реестрига киритилади ва фойдаланувчига рўйхатга олинганини тасдиқловчи матрицали штрих код (QR код) юборилади. QR кодли маълумотномани хоҳишга кўра чоп эттириш мумкин.
Ўзини ўзи банд қиладиганлар расман рўйхатдан ўтгандан сўнг, қонуний равишда ишлашлари, шунингдек, мижозлардан қабул қилинган барча буюртмаларни расмийлаштириш ва сақлаши мумкин бўлади. Бундан ташқари, маълумотлар базасида ҳар бир буюртма учун ишларнинг сони ва қиймати, шунингдек, мижознинг телефон рақами тўғрисидаги маълумотлар сақланади. Буюртма асосида чек шакллантириш ва уни мижозга юбориш имконияти мавжуд.
“ПҚ-4742-сонли қарорнинг 3 бандига асосан ўзини ўзи банд қилган шахслар 2020 йил учун ижтимоий солиқни базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи ҳажмида тўлайди. Ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади. Солиқларни тўлаш масофадан туриб, мобил илова ёки ҳар қандай электрон тўлов тизими орқали амалга оширилади. Бу жисмоний шахслар учун солиқ тўлаш жараёнига ўхшайди. Энди солиқ мажбуриятларини солиқ органларига ташриф буюрмасдан бажариш мумкин”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, ўзини ўзи банд қилганлар – бу хизматлар кўрсатишда мустақил равишда шахсий меҳнати билан иштирок этадиган, меҳнат даромадини олиш учун иш олиб борувчи шахслар. Бунда улар якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатга олинмайди ва ёлланма ходимлар меҳнатидан фойдаланмайди.
LiveБарчаси