“Дом”ларнинг 1-қаватида тадбиркорлик қилиш осонлашади

Жамият

image

Ўзбекистонда кўп квартирали уйларнинг биринчи қаватидаги хонадонларни нотурар жой тоифасига ўтказмасдан, савдо ва сервис фаолиятига мослаштиришга рухсат берилиши мумкин. Бу ҳақда бугун, 9 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев ўтказган ҳудудларда аҳоли бандлиги ва даромадини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан кенгайтирилган йиғилишда маълум қилинди.

Қайд этилишича, йиғилишда хусусий сектор имкониятларидан самарали фойдаланишга ҳам эътибор қаратилган. Оқолтин туманида тадбиркор томонидан 880 ўринли хусусий мактаб ташкил этилиб, эҳтиёжманд оилаларнинг 110 нафар фарзанди бепул ўқитилаётгани ижобий мисол сифатида келтирилган.

Ушбу ташаббуснинг муҳим шарти шундаки, бепул таълим олаётган боланинг ота-онаси ишга жойлашиши, фарзандининг мунтазам дарсга қатнашини таъминлаши керак. Натижада ота-она ишли бўлади, фарзанд эса сифатли таълим олади.

Ҳазорасп туманидаги тикувчилик корхонасида 400 та бўш иш ўрни борлиги, бироқ бола парвариши билан боғлиқ шароит етарли эмаслиги сабабли кўплаб аёллар ишга чиқа олмаётгани қайд этилган. Корхона раҳбари боғча ташкил этиш учун ер ажратилса, аёллар учун овқатланиш ва транспорт шароити яратишга тайёрлигини билдирган.

Шу муносабат билан тадбиркорлар боғча, мактаб ва техникум ташкил этиш бўйича тайёр лойиҳалар таклифи билан чиқиб, эҳтиёжманд оила фарзандларини бепул ўқитмоқчи бўлса, давлат ер участкаларини 1 миллион сўм бошланғич нарх билан аукционга чиқаришга тайёр экани таъкидланган.

Аҳоли бандлигини оширишда сервис соҳасининг имкониятлари ҳам муҳокама қилинган. Кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватида сартарошхона, гўзаллик салони, кичик дўкон, ателье, пойабзал ва маиший техника устахонаси каби одамларга қулай хизмат турларини ташкил этиш мумкин. Бироқ амалда хонадонни нотурар жойга ўтказиш учун ортиқча тартиблар ва рухсатлар талаб этилади.

Шу боис, кўп квартирали уйларнинг биринчи қаватидаги хонадонларни нотурар жой тоифасига ўтказмасдан, савдо ва сервис фаолиятига мослаштиришга рухсат бериш таклиф этилди. Бунда хабардор қилишнинг ўзи етарли бўлади.

Мутасаддиларга бир ой муддатда бундай хонадонларда ташкил этилиши мумкин бўлган хизмат турлари рўйхати ва хавфсизлик талабларини ишлаб чиқиш топширилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг