Ўзингдан чиққан балога... Назарбоевнинг содиқ одами уни “Элбоши” рутбасидан “маҳрум қилди”
Олам
−
03 Август 2022
16727Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг матбуот котиби Айдос Укибай ўз хўжайинини “Элбоши” (“миллат етакчиси”) деб чақиришни тўхтатди. Бу ҳақда “Zonakz” нашри ёзмоқда.
Гап шундаки, кеча, 2 август куни Укибайнинг Twitter’даги саҳифасида эълон қилинган хабарда Назарбоевга нисбатан “Элбоши” рутбаси ишлатилмаган.
“Қозоғистоннинг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев идораси раҳбари Маҳмуд Қосимбековни 70 ёшга тўлиши билан табриклади”, деб ёзди Укибай ўзининг Twitter’даги расмий саҳифасида.
Ушбу матнга иловага қилинган сурат маҳаллий нашрларда кўплаб саволларни келтириб чиқарган.
“Шуниси эътиборга моликки, фотосуратда Қосимбеков Назарбоевнинг имзоси аниқ кўринадиган қандайдир "мукофот", яқинроқдан кўрилса, гербга ўхшаш белгили муҳр босилган ҳужжатни ушлаб турибди. Агар муҳр ҳақиқатан ҳам гербли бўлса, январь воқеаларидан кейин ўзини “пенсионер” деб атаган собиқ президент уни қандай қўлга киритгани савол остида қолади”, деб ёзади нашр.
82 ёшини Туркиянинг Бодрум шаҳрида, оиласи ва дўстлари қуршовида нишонлаган Нурсултон Назарбоев ўтган ҳафта мамлакатга қайтди. Назарбоевнинг матбуот котибига кўра, у таътилда чет эл расмийлари ва бизнес вакиллари билан ҳеч қандай учрашув ўтказмаган.
Маълумот учун, Укибай ўзининг Twitter’даги саҳифасида сўнгги бор Назарбоевга нисбатан “Элбоши” рутбасини ишлатганига 3 ой бўлди. Ўшанда у биринчи Президентнинг 9 май Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалаба муносабати билан табригини эълон қилганди.
Назарбоевнинг содиқ одами Укибай, 2015 йилда Назарбоев университети Олий бизнес мактабини тамомлаган. 2016 йилдан 2021 йилгача Президент Матбуот котиби лавозимида ишлаган. 2021 йилдан Биринчи Президентнинг маслаҳатчиси – матбуот котиби лавозимида фаолият юритиб келмоқда.
Элбоши мақомидан маҳрум этилган Назарбоев
"Қонли январь" воқеаларидан сўнг, жорий йилнинг 5 июнь куни Қозоғистон Конституциясига ўзгартириш киритиш бўйича референдум бўлиб ўтди. Унда Қозоғистон Конституциясига ўзгартириш киритишни овоз берувчиларнинг 77,18 фоизи ёки 6,1 миллион киши қўллаб-қувватлади. Сайловчиларнинг 18,66 фоизи ёки 1 миллион 490 минг 470 нафари Конституцияни ўзгартишга қарши овоз берган. МСК маълумотларига кўра, референдумда аҳолининг 68,05 фоизи (8 миллионга яқин фуқаро) қатнашган. Қозоғистонда жами 11,73 миллион фуқаро овоз бериш ҳуқуқига эга.
Қозоғистон Конституцияси матнининг учдан бир қисмига тегишли бўлган жами 33 та ўзгартириш овозга қўйилди. Асосий ўзгартиришлардан бири Конституциядан республиканинг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевга бағишланган модданинг чиқариб ташланишидир. Тузатишлар қабул қилинганлиги сабабли, у ўзининг кўпгина шахсий имтиёзлари ва Элбоши (миллат етакчиси) мақомини йўқотди, энди унинг ҳуқуқий позицияси собиқ Президентлар тўғрисидаги амалдаги қоида билан тартибга солинади. Назарбоевнинг ўзи Конституциядан унинг номини олиб ташлашни қўллаб-қувватлаган.
Ўзгартиришларда, шунингдек Қозоғистоннинг бир Президенти кетма-кет икки мартадан кўп сайланиши мумкин эмаслиги, шу билан бирга у ўз ваколати муддати давомида партиядан чиқиши кераклиги ҳам назарда тутилган. Бундан ташқари, унинг яқин қариндошларига давлат хизматчиси лавозимларини эгаллаш тақиқланади.