“Ўзимизникидан воз кечмаймиз”. Зеленский Донбасс ва Қрим қайтарилишини айтди

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский ишғол қилинган Донбасс ва Қрим фақат дипломатия йўли билан қайтишига ишонади. Украина ўз ҳудудларини бериш ниятида эмас. Бу ҳақда унинг видеомурожаатига таяниб, “РБК-Украина” хабар бермоқда. 

Унинг сўзларига кўра, бугун дунё Европа ва бутун қитъанинг хавфсизлиги Украина ҳамда унинг армиясига боғлиқлигини тан олади. 

“Биз тинчликка интиламиз ва барча масалаларни фақат музокаралар йўли билан ҳал қилмоқчимиз. Донбасс ҳам, Қрим ҳам Украинага қайтади. Фақат дипломатия йўли билан. Биз бировникига тажовуз қилмаймиз, лекин ўзимизникидан ҳам воз кечмаймиз”, дейди у. 

У, шунингдек, украиналиклар ўз Қуролли Кучларига ишонишини таъкидлаган. 

Аввалроқ, Владимир Зеленский ўз халқига мурожаатида 16 февраль давлат байрами — Украина Бирлиги куни бўлишини маълум қилгани айтилганди.  

Қайд этиш керакки, Украина атрофидаги вазият кун сайин ўзгариб бормоқда. АҚШ ва Ғарб давлатлари Россияни босқинга тайёрланишда айблаб келяпти. АҚШ Президенти Байден шахсан ўзи Москва 16 февраль куни ҳужум бошлашини айтди. 30 дан ортиқ давлатлар фуқароларидан Украинага бормасликни сўрамоқда. АҚШ Киевдаги элчихонаси ходимларини эвакуация қилишни бошлаган.  

Ўз навбатида, Москва Украинага бостириб киришга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги айбловларни рад этмоқда. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия уруш ҳолатида эмаслигини ва Украина билан уруш қилиш ниятида эмаслигини айтмоқда. Вазир, шунингдек, АҚШ ва унинг иттифоқчиларини Россияга қарши “ташвиқот кампанияси” бошлаганликда айблаб, бундай ҳаракатлар Киевни мамлакат шарқидаги вазиятни ҳарбий йўл билан ҳал қилишга ундашидан огоҳлантирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қрим Донбасс

Баҳолаганлар

603

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг