Зеленский ҳужум бошланиши кутилаётган 16 февралда байрам қилмоқчи
Олам
−
15 Февраль 2022
11341Украина Президенти Владимир Зеленский ўз халқига мурожаатида 16 февраль давлат байрами — Украина Бирлиги куни бўлишини маълум қилди.
“Бизга айтилишича, 16 февраль ҳужум куни бўлади. Биз уни Бирлик куни қиламиз. Тегишли фармон аллақачон имзоланган. Шу куни биз давлат байроқларини илиб, кўк ва сариқ ленталарни тақиб, бирдамлигимизни бутун дунёга кўрсатамиз”, деган Зеленский.
Унинг таъкидлашича, ҳозир Украина давлати “ҳар қачонгидан ҳам кучли” ва ҳар қандай таҳдидларга дош беришга тайёр.
Зеленский, шунингдек, ҳукуматга 24 соат ичида “Украина жамиятини бирлаштириш” режасини тайёрлашни топширганини айтган. Унга ҳарбий хизматчиларнинг маошларини ошириш ва одамларни “хавфсизлик ҳолатининг ҳақиқий ҳолати тўғрисида” хабардор қилиш учун ахборот платформасини яратиш ҳам киради.
Маълумот ўрнида, бир қатор манбалар 16 февраль куни Россия Украинага кенг кўламли босқинни бошлаши мумкинлигини ёзган. АҚШ Президенти Жо Байден НАТО давлатлари вакиллари билан суҳбатда бу рақамни босқин бошланишининг кутилаётган санаси деб атаган. Расмий равишда Оқ уй бу маълумотни тасдиқлаш ёки рад этишдан бош тортган.
Қайд этиш керакки, Украина атрофидаги вазият кун сайин ўзгариб бормоқда. АҚШ ва Ғарб давлатлари Россияни босқинга тайёрланишда айблаб келяпти. АҚШ Президенти Байден шахсан ўзи Москва 16 февраль куни ҳужум бошлашини айтди. 30 дан ортиқ давлатлар фуқароларидан Украинага бормасликни сўрамоқда. АҚШ Киевдаги элчихонаси ходимларини эвакуация қилишни бошлаган.
Ўз навбатида, Москва Украинага бостириб киришга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги айбловларни рад этмоқда. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия уруш ҳолатида эмаслигини ва Украина билан уруш қилиш ниятида эмаслигини айтмоқда. Вазир, шунингдек, АҚШ ва унинг иттифоқчиларини Россияга қарши “ташвиқот кампанияси” бошлаганликда айблаб, бундай ҳаракатлар Киевни мамлакат шарқидаги вазиятни ҳарбий йўл билан ҳал қилишга ундашидан огоҳлантирди.
LiveБарчаси