“Ўзим “контрол”га оламан, “детальний” текширамиз”. Пойтахт прокурори Ханазаров ишини назоратга олди

Жамият

Жорий йилнинг 13 сентябрь куни QALAMPIR.UZ’да “Полный программа”да тергов қилинган тадбиркор оқланди. Туҳматчи ва буюртмачилар ҳамон очиқда қолмоқда” номли журналистик суриштирув эълон қилинган эди. 

Унда “Exspress Preg Dizayn” хусусий корхонаси раҳбари Бахтиёр Ханазаров 2013 йилда туҳмат ва бўҳтон билан қамалгани, суд қарори билан унга тегишли мол-мулклар мусодара қилингани, ўтган вақт мобайнида оқланиб, озодликка чиққанига қарамай, ундан ноқонуний тортиб олинган мулклар ёки уларга тенг маблағлар қайтарилмагани ҳақида ҳикоя қилинганди.

Ушбу ҳолат юзасидан бугунгача фақатгина Ўзбекистон Республикаси Олий суди муносабат билдирди.  Жорий йилнинг 30 сентябрь куни эса тадбиркор Бахтиёр Ханазаровни Тошкент шаҳар прокурори Улуғбек Қосимов шахсан қабул қилди.

“Мени 2013 йилда ноқонуний равишда тергов қилишган. Тергов давомида процессуал қоидалар бузилибгина қолмай, мени хатти-ҳаракатларимни нотўғри малакалаб, бир нечта қонунга зид айбловлар қўйишган. Бундан ташқари, жабрланувчи ва гувоҳлар терговда ҳам, судда ҳам ўз кўрсатмаларида ёлғон гувоҳлик бериб, асоссиз далиллар келтиришган. Шундан сўнг, Сергели туман Жиноят ишлари бўйича суди судьяси Тўлаганов ҳам далиллар муқобиллигини текширмасдан нотўғри ҳукм чиқарган”, дейди Ханазаров Тошкент шаҳар прокурори Улуғбек Қосимовга юзланиб. 

Мурожаатчи сўзида давом этаркан, бугунги кунда нималардан норози эканини ётиғи билан тушунтирди. 

“Мен 2020 йилнинг 22 декабрь куни ЖИБ Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясининг ажрими билан тўлиқ оқландим. Лекин, бугунги кунга қадар менга туҳмат қилган, ёлғон гувоҳлик берган ва тергов ўтказган, қолаверса, ноқонуний ҳукм чиқарганлар жавобгарликка тортилмаяпти. Бундан ташқари, уларнинг орасида ҳозиргача прокуратура тизимида фаолият юритиб келаётганлари ҳам бор. Уларнинг жавобгарликка тортилиши, шу билан бирга, тергов давомида менга тегишли бўлган мол-мулкларнинг қайтарилиши адолатли бўлади, деб ҳисоблайман”, дейди “Exspress Preg Dizayn” ХК раҳбари Б.Ханазаров.

Тадбиркорнинг шикоятини тинглаган Тошкент шаҳар прокурори Улуғбек Қосимов Ханазаровнинг айнан шу ишга алоқадор 8 та аризасини қабул қилиб, прокуратуранинг барча бўлимларига ишни холис ўрганиш, текширув жараёнларида Бахтиёр Ханазаровнинг иштирокини таъминлаш бўйича топшириқ берди. 

“Сиз билан боғлиқ вазиятни жуда яхши тушундим. Сиз ҳақсиз. Ҳеч ким ноҳақсан, деб айтолмайди. Сабаби суд томонидан оқлангансиз. Сизга тегишли ишни Тошкент шаҳар прокурори ўринбосари Баҳодир Абдувалиевга топшираман. Аризаларингиз прокуратура бўлимларига йўналтирилади ва бирма-бир текширилади. Шу билан бирга ҳар бир аризани ўрганиш давомида ўзингиз қатнашасиз, сизнинг иштирокингизсиз ҳеч нарса ўрганилмайди. Сизга тегишли биноларни ким хатлагани, қайси риелторлик корхонаси ишлагани юзасидан ҳам текширув ўтказамиз. Иш натижаси бўйича эса яна сиз билан гаплашамиз. Хотиржам бўлинг! Бу ишни ўзим назоратга оламан”, дейди шаҳар прокурори.

Тадбиркор ўзи билан боғлиқ жараён аслида Тошкент шаҳар прокуроригача етиб келмасдан ҳал бўлиши мумкинлигини айтаркан, терговчи ва туҳматчилар устидан назоратда “ўйин” бўлганидан норозилигини билдирди. Прокурор Қосимов эса бундан буён ишда ҳеч қандай “ўйин” бўлмаслиги, балки бу ишни шахсан ўзи назоратга олишини таъкидлади.

“Ишни ўзим “контроль”га оламан. Текширувда ҳеч қандай “ўйин” бўлмайди. Ҳаммасини “ детальний” кўрамиз. Ким айбдор бўлса, албатта, жавоб бериши керак. Бировни ноҳақ жавобгар қилиш ярамайди. Ўзбекистонни бахти – бу Президентимиз. Сўнгги беш йилда неча минглаб одамлар оқланди”, дейди Қосимов.

QALAMPIR.UZ ушбу суриштирув доирасидаги фаолиятини давом эттиради. Ҳолат юзасидан қўшимча маълумотларни бериб борамиз.

Журналистик суриштирувни QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.


Воқеа қандай бўлган? 

Жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судининг 2013 йил 4 июлдаги ҳукмига кўра Бахтиёр Ханазаров Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисми “б”, “в” бандлари, 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) ва 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 3-қисми билан айбдор, деб топилиб, ушбу кодекснинг 59 (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш), 61-моддаси (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) га асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташлик учун уч йил муддатга ташкилий бошқарув, маъмурий ҳўжалик вазифаларини бажариш билан боғлиқ лавозимларда ва корхоналарда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. 

Шунингдек, мазкур жиноят иши доирасида Санжар Шукуров, Моҳира Абдукаримова, Камола Иргашева ҳам Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор, деб топилган ва жавобгарликка тортилган.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясининг 2013 йил 23 августдаги ажримига кўра жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судининг 2013 йил 4 июлдаги ҳукмининг Б. Ханазаров, М. Абдукаримова ва К. Иргашевага оид қисми ўзгаришсиз қолдирилган.

Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2019 йил 22 январдаги ажримига кўра жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясининг 2013 йил 23 августдаги ажримининг Б. Ханазаровга тегишли қисми бекор қилиниб, жиноят иши янгидан кассация инстанциясида кўриш учун юборилган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясининг 2019 йил 20 июндаги ажримига кўра жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судининг 2013 йил 3 июлдаги ҳукмининг Б. Ханазаровга оид қисми ўзгартирилган. Б. Ханазаровнинг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 243-моддасида назарда тутилган жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация учун асослар) 2-бандига асосан реаблитация қилинган. Б. Ханазаровнинг жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “б”, “в” бандларидан ушбу модданинг 1-қисмига қайта квалификация қилиниб, унга шу модда билан 1 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Шунингдек, Б. Ханазаровнинг жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг 189-моддаси 3-қисмидан ушбу модданинг 1-қисмига қайта квалификация қилиниб, унга шу модда билан иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 1 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси, ушбу кодекснинг 59, 61-моддалари тартибида узил-кесил 1 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазо ўталган, деб ҳисобланган. Ҳукмнинг қарор қисмидаги судланувчи Б. Ханазаровдан пора предмети сифатида давлат даромадига 36 000 000 сўм ундириш қисми чиқарилган. Ҳукмнинг қарор қисмидаги Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, 7-мавзеда жойлашган “Express Proyekt Dizayn” хусусий корхонасига қарашли “Спорт ва соғломлаштириш мажмуаси” ҳамда 5 дона компьютернинг система блок (кейс) ларини давлат даромадига ўтказиш бекор қилиниб, мазкур бино-иншоот ҳозирда виждонли сотиб олувчи томонидан қонунда белгиланган тартибда сотиб олинганлиги инобатга олиниб, сотилган давридаги пул маблағи “Express Proyekt Dizayn” хусусий корхонасига қайтариш белгиланган.

Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов хайъатининг 2020 йил 29 июндаги ажримига кўра жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясининг 2019 йил 20 июндаги Б. Ханазаровга нисбатан чиқарилган ажрими бекор қилиниб, жиноят иши янгидан кассация инстанцияси судида кўриш учун юборилган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясининг 2020 йил 22 декабрдаги ажримига кўра, жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судининг 2013 йил 4 июлдаги ҳукмининг Б. Ханазаровга оид қисми бекор қилинган. Б. Ханазаровнинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли айбсиз, деб топилиб, реабилитация этилган. Жиноят ишининг унга оид қисми Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан тугатилган. 

Ҳукмнинг Тошкент шаҳар прокуратурасининг депозит ҳисобрақамига 2013 йил 23 февралдаги тўлов паттасига асосан топширилган 984 715 сўмни давлат даромадига ўтказиш, Б. Ханазаров ҳисобидан давлат даромадига пора предмети сифатида 36 000 000 сўм ундириш, далилий ашё тариқасида олинган Б. Ханазаровнинг шахсий блокноти, Б. Ханазаров томонидан ёзилган қўлёзма, 2 дона иккиламчи бухгалтерия дафтарларини жиноят ишида сақлашлик учун қолдириш қисми бекор қилинган.

Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, 7-мавзеда жойлашган “Express Proyekt Dizayn” хусусий корхонасига қарашли “Спорт ва соғломлаштириш мажмуаси” ҳамда 5 дона компьютернинг система блок (кейс) ларини давлат даромадига ўтказиш қисми бекор қилинган.

Бино-иншоот ҳозирда виждонли сотиб олувчи томонидан конунда белгиланган тартибда сотиб олинганлигини инобатга олиб, кассация инстанцияси сотилган даврдаги пул маблаги “Express Proyekt Dizayn” хусусий корхонасига қайтарилиши белгиланган.

Жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судининг 2021 йил 10 июндаги ажрими кўра Б. Ханазаровнинг ноқонуний жиноий жавобгарликка тортилганлиги натижасида етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириб бериш ҳақидаги аризаси иш материаллари асосида ўрганиб чиқилиб, унинг аризаси қисман қаноатлантирилган.

Маълумот учун, 2021 йил 18 февралда Тошкент шаҳар судлари, Малака хайъатининг ф-16-сон фармойиши асосида Жиноят ишлар бўйича Сирғали туман судининг собиқ судьяси Х.Тулягановга хизмат текширувини ўтказиш ЖИБ Учтепа туман суди раиси Д.Камиловга топширилган. Шунингдек, Жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди судьяси Х.Туляганов 2014 йилда суд органларидаги хизматдан бўшаб кетган бўлса-да, суд томонидан хизмат текшируви ўтказилган ва текширув хулосасига кўра, “Мурожаатда келтирилган важлар ўз тасдиғини топмаган, деб ҳисоблансин ва Жиноят ишлар бўйича Сергели туман суди судьяси Х.Туляганов томонидан Б.Ханазаров ва бошқаларга оид жиноят иши бўйича қонун талаблари бузилмаган, деб топилсин”, деб хизмат текшируви тугатилган.
"EXPRESS PROYEKT DIZAYN" ХК раҳбари Б.Ханазаров бугунги кунда оқланган бўлса-да, лекин ҳамон унга нисбатан туҳмат қилганлар, тергов жараёнини олиб борганлар ва ҳукм чиқарган судьянинг масаласи очиқ қолмоқда.

QALAMPIR.UZ ушбу суриштирув доирасидаги фаолиятини давом эттиради. Қўшимча маълумотларни бериб борамиз. 

Журналистик суриштирувни QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Тергов Бахтиёр Ханазаров Полный программа Олий суди журналистик суриштирув

Баҳолаганлар

118

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг