Трампнинг собиқ маслаҳатчиси махфий ҳужжатлар билан боғлиқ айбини тан олди
Олам
−
27 июн 1845 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси, кейинчалик унинг энг кескин танқидчиларидан бирига айланган Жон Болтон бугун, 26 июнь куни федерал судда махфий маълумотлар билан ноқонуний муносабатда бўлганини тан олди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, унга нисбатан беш йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланиши мумкин.
“Бу қилган ишимдан афсусдаман”, деган Болтон суд мажлисида АҚШ округ суди судьяси Теодор Чуангга.
Маълум қилинишича, 77 ёшли Болтон 2,25 миллион доллар миқдорида жарима тўлашга рози бўлган. У жариманинг ярмини ҳукм чиқарилганидан кейин беш кун ичида, қолган қисмини эса 90 кун ичида тўлаши лозим.
Шунингдек, Болтон 100 соатгача жамоат ишларини бажариш, разведка ҳамда Адлия вазирлиги вакиллари билан суҳбатда иштирок этиш мажбуриятини олган. У бундан ташқари давлат пенсиясидан ҳам маҳрум бўлади. Якуний суд ҳукмини эълон қилиш санаси октябрь ойига белгиланган.
Тергов маълумотларига кўра, Болтон ўз хотира китобини ёзиш жараёнида махфий маълумотлардан фойдаланиш мақсадида икки нафар қариндошига разведка брифинглари ва юқори лавозимли амалдорлар ҳамда хорижий давлат раҳбарлари билан учрашувларга оид қайдларни берган.
Манбага кўра, Болтоннинг “The Room Where It Happened” (“Ҳаммаси содир бўлган хона”) номли китоби унинг Трамп президентлигининг биринчи муддатида миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи сифатидаги фаолияти ҳақида ҳикоя қилади. Асарда Болтон Трампни президентлик лавозимига муносиб эмас деб таърифлаган ва бу икки томон ўртасида очиқ можарога сабаб бўлган.
Бироқ прокуратура 26 июнь куни мазкур китобда ҳеч қандай махфий маълумот чоп этилмаганини маълум қилди. Терговчилар, шунингдек, Болтоннинг шахсий электрон почтаси Эрон билан боғлиқ деб ҳисобланган шахс томонидан бузилганини билдирган. Прокуратура бу маълумотни судда яна бир бор тасдиқлаган.
Маълумот учун, Жон Болтон Трампнинг биринчи президентлик муддатида миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаган. Кейинчалик у Трампнинг энг таниқли сиёсий танқидчиларидан бирига айланган. У Трамп Адлия вазирлиги томонидан жиноий таъқиб қилинган машҳур сиёсий рақиблардан бири ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, Болтонга нисбатан тергов Трамп 2025 йилда ҳокимиятга қайтишидан аввал бошланган ва уни карьераси давомида федерал прокуратурада ишлаган прокурорлар қўллаб-қувватлаган эди.
Live
Барчаси