“Ўзбекконцерт” ҳақоратли изоҳлар муаллифларини жазолашни талаб қиляпти
Маданият-санъат
−
06 Апрель 2020
14730Ўзбекистонда санъаткорлар ҳақида ижтимоий тармоқларда турли бўҳтон ва туҳмат тарқатган, шунингдек, уларни ҳақорат қилган саҳифа эгаларига нисбатан қонуний чора кўрилиши масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси директори Одилжон Абдуқаҳҳоров “Ўзбекистон 24” телеканалидаги чиқиши давомида маълум қилди.
“Санъаткорлар ҳам инсон. Ўзбекистоннинг бошқа фуқаролари каби уларнинг ҳам ҳуқуқлари Конституция билан ҳимояланган. Сўнгги кунларда санъаткорларга нисбатан бўлаётган муносабатдан келиб чиққан ҳолда, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан бевосита музокаралар олиб боряпмиз. Уларнинг шаънига нисбан ноўрин фикр билдирганларга қонуний жазо кўриш масаласини кўриб чиқяпмиз”, дейди Одилжон Абдуқаҳҳоров.
Аввал хабар берганимиздек, бундан бир неча кун аввал “Ўзбекистон 24” телеканали орқали эфирга узатилган “Халқаро пресс-клуб” кўрсатувида бошловчи Шерзод Қудратхўжаев ижтимоий тармоқ орқали етиб келган мактубни ўқиб эшиттирганди. Унда санъаткорларга отарчи тамғаси “ёпиштирилиб”, улар айни оғир кунларда хайрия қилмаётганликда айбланган. Орадан кўп ўтмай ушбу видео ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди ва эфир орқали санъаткорларнинг ҳақорат қилиниши дея баҳоланиб, эътирозларга сабаб бўлди. Шундан сўнг, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси ўша кунлари санъаткорлар 352 миллиондан ортиқ хайрия қилгани бўйича ҳисобот берди. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги эса мамлакат қонунчилигига кўра, хайрия қилишга мажбурлаш мумкин эмаслигини эслатди.
Ижтимоий тармоқларда бўлаётган баҳс-мунозараларда фойдаланувчиларнинг кўп қисми санъаткорлар халқнинг даромади эвазига пул топиши, бир тўйга фалон минг долларга боришини иддао қилмоқда. Абдуқаҳҳоров “Ўзбекистон 24” телеканалидаги чиқишида ушбу масалага ҳам ойдинлик киритди.
“Тўғри, санъаткор халқдан даромад топяпти. Лекин, халқдан ким даромад топмаяпти? Халқдан дорихоначи даромад топмаяптими? Ёки новвой даромад топмаяптими? Кўп соҳа вакиллари халқдан даромад топади. Лекин, санъаткор таниқли бўлгани учун у доим эътибор марказида бўлади. Санъаткорларимиз Ватанимиз чақирганда лаббай деб келадиган соҳа ходимлари саналади. Улар Ватанини, халқини жуда яхши кўради. Бу нарсани тўғри баҳолаган юртбошимиз, бугунги кунда санъаткорларни қўллаб-қувватлаб келмоқдалар. Бундан хулоса қилиб, бошқа соҳа вакиллари ҳам санъаткорларга тўғри муносабатда бўлишса, яхши бўлар эди”, дейди Абдуқаҳҳоров.
LiveБарчаси