Ўзбекистоннинг Мальдивдаги илк элчиси тайинланди

Олам

image

Ўзбекистоннинг Мальдив Республикасига тайинланган биринчи элчиси (қароргоҳи Деҳли шаҳрида жойлашган) Сардор Рустамбоев бугун, 12 июнь куни ушбу мамлакат Президенти Муҳаммад Муиззуга ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.

Тантанали маросимдан сўнг бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Мальдив ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ҳамда келажакдаги ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг турли йўналишларида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.

Президент Муҳаммад Муиззу Мальдив Республикаси Ўзбекистон билан БМТ, ИҲТ, бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида томонларни қизиқтирган масалалар, жумладан, иқлим ўзгариши, барқарор ривожланиш ва минтақавий хавфсизлик бўйича ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирди.

Алоҳида эътибор туризм ва олий таълим йўналишида шерикликни ривожлантиришга қаратилди. Хусусан, Ўзбекистон олий таълим муассасаларида Мальдив Республикаси талабаларини ўқитиш истиқболлари муҳокама қилинди. Икки давлат ўртасида тўғридан тўғри рейсларни очиш, виза режимини соддалаштириш ва қўшма саёҳат пакетларини ишлаб чиқиш имкониятларини кўриб чиқишга келишилди.

Шунингдек, томонлар олий ва юқори даражадаги ташрифлар ташкил қилиш, тадбиркорлар ва бошқа соҳа вакиллари делегацияларининг алмашинувини йўлга қўйиш юзасидан фикр билдирди.

Маълумот учун, Сардор Рустамбоев 45 ёшда. Бирмингем университети (Буюк Британия), Тошкент давлат шарқшунослик университети, Лондон университетининг (Буюк Британия) Шарқ ва Африка тадқиқотлари мактаби, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини битирган. Сиёсий фанлар номзоди илмий даражасига эга. Ташқи ишлар вазирлиги тизимида 2000 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. У марказий аппаратда атташедан тортиб бўлим бошлиғигача бўлган турли лавозимларда фаолият юритган. Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (Пекин ш., Хитой) котибиятида ишлаган. 2018-2023 йилларда Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонасига раҳбарлик қилган.

Сардор Рустамбоев 2020–2023 йилларда Деҳлидаги элчихонага раҳбарлик қилган. Ўзбекистоннинг янги элчиси Сардор Рустамбоев Деҳлида 2024 йил январь ойида ўз фаолиятини бошлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг Португалияга янги тайинланган элчиси (қароргоҳи Париж шаҳрида жойлашган) Нодир Ғаниев ушбу мамлакат Президенти Марселу Ребелу де Соузага ишонч ёрлиқларини топширганди.


Мақола муаллифи

Теглар

элчи Сардор Рустамбоев Муҳаммад Муиззу

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг