Ўзбекистоннинг 6 та ҳудуди транспорт-логистика соҳасига ихтисослаштирилади

Жамият

image

Ўзбекистоннинг олтита ҳудуди транспорт-логистика соҳасига ихтисослаштирилиши мумкин. Бу ҳақда бугун, 1 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган транспорт-логистика тизимини ривожлантириш ва мамлакатнинг транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар тақдимотида сўз боради.

Қайд этилишича, тақдимотда Хонобод ва Ангрен шаҳарлари, Янгийўл, Оҳангарон, Олот ва Термиз туманларини транспорт-логистика соҳасига ихтисослаштириш таклиф этилган.

Хонобод шаҳри “Хитой йўли дарвозаси” сифатида Хитой – Марказий Осиё – Каспий – Кавказ – Европа, Хитой – Марказий Осиё – Трансафғон ҳамда Хитой – Марказий Осиё – Эрон транзит йўлакларига хизмат қилади. Ангрен шаҳри, Янгийўл ва Оҳангарон туманлари транзит ва ташқи савдо юкларини оралиқ тақсимлаш марказлари сифатида ривожлантирилади.

Олот тумани “Ўрта йўлак дарвозаси” сифатида Хитой – Марказий Осиё – Каспий – Кавказ – Европа ҳамда Хитой – Марказий Осиё – Эрон йўналишларига, Термиз тумани эса “Трансафғон йўлаги дарвозаси” сифатида Хитой – Марказий Осиё – Трансафғон – Покистон транспорт йўлагига ихтисослашади.

Ушбу ҳудудларда логистика марказлари ташкил этмоқчи бўлган тадбиркорларга ҳар бир ҳудудда 50 гектардан, жами 300 гектар ер майдони таклиф этилади. Бу мақсадлар учун ҳар йили 200 миллион долларлик имтиёзли ва кам фоизли кредит линияларини йўналтириш назарда тутилмоқда. Логистика марказлари учун ташқи инфратузилма бюджет ҳисобидан барпо этилади.

Шунингдек, Қибрай ва Термиз туманларида божхона терминали ҳамда автотураргоҳлар қуриш, Хонобод шаҳрида халқаро темир йўл чегара ўтказиш пунктини барпо этиш, Янгийўл туманидаги темир йўл станциясини кенгайтириш, Оҳангарон туманида “А” тоифадаги йирик логистика марказини қуриш бўйича таклифлар кўриб чиқилган.

Тақдимотда рақамлаштириш ва замонавий бошқарув тизимларини жорий этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Логистика марказларида терминалларни бошқариш ва омборни бошқариш тизимини жорий этиш, уларни “E-logistika” платформасига интеграция қилиш, автотранспорт воситаларини онлайн кузатиш, автотранспорт рақамларини аниқлаш ва электрон ҳисобга олиш тизимини йўлга қўйиш таклифи билдирилган.

Чегара ўтказиш пунктларида “ягона тўхташ” (one stop) тамойилини жорий қилиш орқали юкларни расмийлаштириш жараёнини тезлаштириш зарурлиги қайд этилган.

Соҳада хусусий инвестицияларни кенг жалб қилиш учун логистика марказларига замонавий ускуналар, омборхона ва юк ортиш-тушириш техникалари, агрегат ва эҳтиёт қисмларни олиб киришда божхона божи ҳамда мажбурий сертификатлаш талабларини енгиллаштириш таклиф қилинган.

Президент транспорт-логистика тизими мамлакат экспорт салоҳияти, инвестициявий жозибадорлиги ва ҳудудлар ривожи учун стратегик аҳамиятга эга эканини таъкидлаган.

Мутасаддиларга халқаро транспорт йўлакларидан самарали фойдаланиш, логистика марказлари тармоғини кенгайтириш, соҳани рақамлаштириш ва хусусий сектор учун қулай шароитлар яратиш бўйича топшириқлар берилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг