Ўзбекистонликлар Хитой вакцинаси синовида қатнашяпти

Жамият

image

Ўзбекистонда Хитойнинг Anhui Zhifei Loncom Biofarmaceutical компаниясида ишлаб чиқарилган ZF2001 рекомбинант вакцинасининг III фаза клиник синовлари кўнгиллиларда амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги хабар берди.

Синовда 18 ёшдан катта, сурункали касалликларга чалинмаган, 5000 та кўнгилли иштирокчиларни жалб этиш режалаштирилган бўлиб, ҳозирда кўнгиллилар рўйхатини шакллантириш билан бир қаторда танлаб олинган кўнгиллиларга 1-доза вакцина билан эмлаш ишлари олиб борилмоқда. Кўнгиллилар синов жараёнида жами уч доза вакцина билан эмланиши кўзда тутилган.

Синов вакцинаси бу – тадқиқот натижасида яратилган вакцина тури бўлиб, клиник синовларда қўллаш учун мўлжалланган ва тегишли ташкилотлардан тасдиқланмагунча, сотувга чиқарилмайди. 

Мазкур вакцина CHO ҳужайраларида ишлаб чиқарилган янги коронавируснинг рецепторга боғланувчи оқсилнинг (инглизча қисқартма: NCP-RBD) рекомбинант шаклини тозалаб, алюминий гидроксиди қўшиш орқали тайёрланган. Ушбу тадқиқот вакцинаси ҳар бир идиши 25мг /0.5мл/флакон шаклида бўлиб, 25 мг янги коронавируснинг рецепторга боғланувчи оқсилнинг (NCP-RBD) рекомбинант шакли ва 0.25мг алюминий гидроксидидан иборат.

Таъкидлаш жоизки, ушбу тадқиқотда иштирок этиш ёки этмаслик тўлақонли ихтиёрий. Синов даври мобайнида кўнгиллилар синовни давом эттиришга мажбурланмайди. Ушбу синовда иштирок этишга қарор қилган номзод розилик хатига имзо чекиши ва уни бир нусхасини ўзида сақлаши сўралади. Синовда қатнашишга қарор қилишдан аввал, COVID-19 га алоқадор симптомлар йўқлиги ва COVID-19 инфекциясини юқтириб олганига шубҳа йўқлиги тасдиқланиши керак. Шунингдек, номзод COVID-19 вакциналарининг синовида иштирок этмагани ва иштирок этмаслигини тасдиқлаши лозим.

Тадқиқотда қатнашишга қарор қилган номзоднинг касаллик тарихи, саломатлик кўрсаткичлари, вакцинани қабул қилганидан сўнги йиғилган маълумотлар ва шу каби бошқа маълумотларни ёзиб олинади. Шу билан бирга номзодларга янги коронавирус инфекциясидан қандай сақланиш мумкинлиги тўғрисида кўрсатмалар берилади.

Ушбу синов 14 ой давом этади.

Аввалроқ, Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Тошкентда олиб борилаётган Хитой вакцинаси синовлари жараёни ҳақида гапириб, вазирлик раҳбарияти ва ўзи ҳам шу препарат билан эмланганини айтиб ўтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

вакцина

Баҳолаганлар

33

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг