Хитой вакцинасининг ножўя таъсирини сезмадик – вазир
Жамият
−
23 Декабрь 2020
3621Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Тошкентда олиб борилаётган Хитой вакцинаси синовлари жараёни ҳақида гапирди. Унга кўра, вакцина синовларининг учинчи босқичи бошланган, аввалги синовларда вакцинанинг ножўя таъсири аниқланмаган.
“Хитойлик мутахассисларни жалб қилган ҳолда вакциналарнинг учинчи синов жараёнларини бошлаб юбордик. Тошкент шаҳридаги учта поликлиникада кўнгиллиларда синов ўтказиляпти. Бу оммавий эмлаш жараёни эмас, илмий тадқиқот жараёни. Бир ой олдин вазирлик раҳбарияти ва шахсан ўзим ушбу вакцина билан эмландик”, дейди вазир.
Таъкидланишича, вакцина рекомбинат оқсилга асосланиб, генлар инженерлиги йўли билан яратилган. Ушбу рекомбинат оқсил вакцинасида кичик оқсил бўлакчаси клонлаштирилиб, оқсил сифатида қайта ишлаб чиқарилган вариант ҳисобланади. Бунда вирус структурасидаги биронта бошқа компонентлар инсон организмига яқинлашмайди.
Шунингдек, вазир кўнгилли сифатида иштирок этаётган фуқароларга миннатдорлик билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги раҳбарияти оила аъзоларидан 20 киши Хитой вакцинаси билан эмлангани ҳақида хабар берилган эди.