Ўзбекистонликларнинг қайси касалликка чалинишдан кўпроқ қўрқиши маълум бўлди
Саломатлик
−
20 Сентябрь 2023
8941Ўзбекистон фуқаролари Европа ва Қозоғистоннинг ўртача аҳолисига қараганда, неврологик касалликлардан кўпроқ хавотирга тушади. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш масалалари бўйича энг нуфузли тадқиқот ҳисобланган STADA Health Report 2023 ҳисоботида қайд этилган.
2022 йилдан бошлаб 10 йил ичида илк маротаба Ўзбекистонни ўз тадқиқотларига қўшишни бошлаган STADA ташкилоти маълумотларига кўра, сўровномаларда ҳар бир мамлакатдан 2000 га яқин одам қатнашган бўлиб, жами 18 ёшдан 99 ёш оралиғида бўлган 32 013 респондент иштирок этган.
Ўзбекистонлик респондентларнинг аксарият қисми эса неврологик касалликларга чалинишдан қўрқишини билдирган. Бунда 23 фоизи Паркинсон касаллиги, 22 фоизи Деменцияни қайд этган.
Европа давлатлари, Қозоғистон ва ўзбекистонлик респондентларнинг тахминан ҳар иккитадан биттаси (45 фоиз) саратон хавфини биринчи ўринга қўяди. Уларнинг 79 фоизи эса саратонни энг кўп хавотирлантирадиган 3 та касаллик қаторига киритган. Масалан, ўзбекистонликларнинг 20 фоизи ушбу касалликка чалинишдан қўрқади.
Шунингдек, гарчи дунёда ҳар олтинчи ўлимга сабаб бўлса ҳам, атиги 16 фоиз ўзбеклар асосий қўрқув сифатида юрак хуружини кўрсатган.
Қолаверса, атиги 8 фоиз ўзбекистонлик респондентлар инсультни бошдан кечиришдан ташвишланишини билдирган. Қўшни Қозоғистонда эса бу касалликдан қўрқадиганлар 22 фоизни ташкил қилади.
Аломатлари деярли ҳар қандай ёшда пайдо бўлиши мумкин бўлган Деманс, Альцгеймер ва Паркинсон каби ёш билан боғлиқ касалликлар қўрқув шкаласи бўйича анча пастда турибди. Масалан, Европада ўртача 9 фоиз, Қозоғистонда 6 фоиз ва Ўзбекистонда эса 11 фоиз одамлар Альцгеймер касаллигидан кўпроқ қўрқишади. Италияда бу кўрсаткич 13 фоиз, Францияда 14 фоиз ва Испанияда 16 фоизни ташкил қилган.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил 20 июнь куни имзоланган “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017-2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида республикада неврология, травматология ва ортопедия, нейрохирургия, болалар касалликлари соҳасидаги салоҳият яхши ривожланмагани айтилган эди.