Ўзбекистонлик яна икки таэквондочи Паралимпиада финалига чиқди
Спорт
−
31 Август
7589Францияда ўтказилаётган 2024 йилги Париж ёзги Паралимпиада ўйинлари қизғин баҳслар билан давом этмоқда. Ўйинларнинг таэквондо тури бўйича яна икки нафар ўзбекистонлик спортчи финал йўлланмасини қўлга киритди.
Аёллар ўртасида +65 кг вазн тоифасида ярим финал жангида Гулжаной Наимова бразилиялик Дебора Менезесни 9:3 ҳисобида мағлубиятга учратди ва ҳал қилувчи финал босқичига йўлланма олди. Токио-2020 ёзги Паралимпиада ўйинлари чемпиони Гулжаной Наимованинг олтин медаль учун кечадиган баҳси бугун Тошкент вақти билан соат 23:48 да бошланади. У билан финалда мексикалик Фернанда Варгас ва британиялик Эми Трусдейл жуфтлиги ғолиби даянга чиқади.
Эркаклар ўртасида -80 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Асад Тоштемиров ҳам ярим финал жангини муваффақиятли ўтказди. Тоштемиров ушбу босқичда эронлик Алириза Бахтни 18:12 ҳисобида мағлуб этди ва финал йўлланмасини қўлга киритди. Асад Тоштемиров иштирокидаги финал учрашуви бугун Тошкент вақти билан соат 23:34 да бошланади. Ҳал қилувчи баҳсда у мексикалик Луис Марио Нажерага қарши даянга чиқади.
Бу билан ҳар иккала таэквондочи делегация ҳисобига камида кумуш медални нақд қилиб қўйди. Ҳозирда Ўзбекистон Паралимпиада делегацияси ҳисобида 8 та медаль бор: 3 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Паралимпида ўйинларининг енгил атлетика баҳсларида Моҳигул Ҳамдамова F57 классида диск улоқтириш дастурида 32,75 метр билан шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олганди. Ушбу натижа билан Ҳамдамова ўйинларнинг бронза медалига сазовор бўлди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь