Аргентина – Испания: финалда футбол фалсафалари тўқнашуви

Review

image

2026 йилги Жаҳон чемпионати тарихида илк бор FIFA рейтингидаги энг кучли икки терма жамоа – Аргентина ва Испания финалда ўзаро тўқнаш келади. Бу нафақат икки гранд жамоа ўртасидаги баҳс, балки чемпионлик кубоги билан бир қаторда замонавий футболнинг эталони сифатида эътироф этилиш ҳуқуқи учун ҳам кураш ҳисобланади.

Ушбу учрашув бир қатор қизиқарли микроқаршиликларостида кечади, ҳар бир қарич учун жанг бўлади. Хатолардан бири эса ўйин тақдирини ҳал қилиши мумкин. Финал олдидан икки жамоанинг ўйин услуби, етакчилари ва статистик кўрсаткичларига назар ташлаймиз.

Жамоалар статистикаси

Иккала жамоа ҳам ҳужумкор футболни афзал кўради, аммо улар буни мутлақо турлича услубда амалга оширади. Аргентина терма жамоасининг ўйини Лионель Месси атрофида қурилган. Шу билан бирга, Лаутаро Мартинес ва Хулиан Алварес каби ҳужумчилар ҳам исталган пайтда рақибни жазолашга қодир. Бу жиҳат айниқса плей-офф босқичида яққол намоён бўлди.

Аргентина терма жамоасининг асосий хусусияти позицион ҳужум ва юқори прессинг орқали устунлик қилишидир. Улар турнирнинг энг хавфли ҳужум чизиғига эга жамоаларидан бири ҳисобланади ва буни статистика ҳам тасдиқлайди.

Аргентиналиклар Жаҳон чемпионатларида кетма-кет 13 та ўйинда камида иккитадан гол урди. Бу мундиаллар тарихидаги энг яхши натижа ҳисобланади. Шу тариқа улар Уругвай терма жамоасининг 1930-1954 йилларда ўрнатган кетма-кет 11 та ўйинда икки ёки ундан ортиқ гол уриш бўйича рекордини ҳам ортда қолдирди. Бу нафақат футболчиларнинг юқори маҳорати, балки жамоанинг ҳужумдаги барқарорлиги ва изчиллигини ҳам кўрсатади.

Испания эса бутунлай бошқача услубда ҳаракат қилади. Луис де ла Фуэнте шогирдлари тўп назоратига алоҳида аҳамият қаратади ва кўп ҳолларда тўпга эгалик қилишни ҳимоя воситаси сифатида қўллайди.

Испания ҳисобда олдинга чиққанидан кейин ўйинни назорат қилиш ва рақибга ташаббусни бермасликни жуда яхши билади. Ана шу хусусият ҳамда мустаҳкам ҳимоя чизиғи туфайли улар турнирнинг энг ишончли жамоасига айланди. Испания мундиалда ҳозиргача атиги битта гол ўтказиб юборган.

Назорат ва ҳимоя ўртасидаги мувозанат Испанияни ҳатто амалдаги жаҳон чемпионлари учун ҳам энг ноқулай рақиблардан бирига айлантирмоқда. 

Мессининг Ямалдан катта устунлиги

Финалдаги энг катта қизиқишлардан бири Лионель Месси ва Ламин Ямаль ўртасидаги қарама-қаршилик бўлади.

Бу нафақат “Барселона”нинг собиқ юлдузи ва Европа футболининг янги юлдузи ўртасидаги рақобат, балки икки авлод тўқнашуви ҳамдир.

Месси ва Ямаль жорий Жаҳон чемпионатида 20 тадан ортиқ муваффақиятли дриблинг амалга оширган ягона футболчилар ҳисобланади. Аргентиналик ҳисобида 25 та, испаниялик ёш истеъдод ҳисобида эса 22 та дриблинг бор.

Бу кўрсаткичлар икки футболчининг ҳам юқори индивидуал маҳоратини кўрсатади. Бироқ бошқа статистикаларда Месси ёш рақибидан анча устун.

Лионель Месси турнирда 8 та гол урган бўлса, Ламин Ямаль ҳозирча битта гол билан чекланиб турибди. Бундан ташқари, Месси 4 та голли узатма амалга ошириди Ямаль ҳали бундай кўрсаткичларга эриша олмаган.

Қизиғи шундаки, ҳар икки футболчи ҳам мундиалга жароҳатдан кейин келган. Бироқ Мессининг жароҳати енгилроқ бўлгани учун у тезроқ оптимал спорт формасига қайтди. Бу статистик фарқнинг асосий сабабларидан бири жамоаларнинг ўйин услубидир.

Аргентинада барча ҳужумлар деярли Месси орқали ташкил қилинади. Жамоадошлари унга бўш ҳудуд яратиб беришади ва ўйинни бошқариш вазифасини ҳам айнан Месси бажаради.

Испанияда эса масъулият бир футболчига юкланмаган. Жамоада роллар анча тенг тақсимланган. Шунга қарамай, турнирдаги голларнинг учдан бир қисмидан кўпроғини Микель Оярсабаль урганини ҳам таъкидлаш лозим.

Шу билан бирга, Испаниянинг асосий устунлиги ҳужумда эмас, балки ҳимояда намоён бўлмоқда.

Аргентина ва Испания терма жамоаларини бирлаштириб турадиган жиҳатлардан бири – ҳимоячиларнинг ҳам ҳужумларда фаол иштирок этаётганидир. Аргентина сафида Лисандро Мартинес нафақат ишончли ҳимоячи, балки гол ва голли узатма муаллифи сифатида ҳам ўзини кўрсатди.

Испания терма жамоасида эса Педро Порро айниқса самарали ҳаракат қилмоқда. У турнирда икки марта рақиблар дарвозасини ишғол қилди. Шунингдек, ҳар бир ўйинда ўртача 1,8 та ҳал қилувчи узатма билан жамоада етакчилик қилмоқда.

Марк Кукурелья ҳам қанот орқали ҳужумларга катта ҳисса қўшиб, рақиблар учун доимий хавф туғдирмоқда. Бироқ Испания ҳимоячиларининг асосий устунлиги барибир мудофаа ҳаракатларида кўринади. Ярим ҳимоя ва ҳимоя чизиғи биргаликда жуда ишончли ишламоқда.
Бу борада Родрининг ўрни алоҳида. У рақиб ҳужумларини барвақт тўхтатиб, жамоанинг ҳимояси билан ҳужуми ўртасида муҳим боғловчи вазифасини бажаради.

Дарвозабонлар таққосланганда эса вазият анча қизиқ. Унаи Симон турнирнинг энг яхши дарвозабони бўлиш учун асосий номзодлардан бири саналади. Бироқ у баъзи баҳсларда хатоларга ҳам йўл қўйди.

Эмилиано Мартинес эса барқарорроқ ўйин кўрсатмоқда. Айниқса муҳим вазиятларда унинг хотиржамлиги ва ишончли ҳаракатлари Аргентина учун катта устунлик бўлиши мумкин, аммо хатоларга йўл қўяётган дарвозабон турнирда борёғи битта гол ўтказиб юборган бўлса, ўзига нисбатан ишончи юқори ва хотиржам Мартинес плей-оффнинг ҳар бир ўйинида ўз дарвозасидан тўп олиб чиқмоқда.

Мутахассислар фикрича, финалда қайси жамоа ғалаба қозонишини олдиндан айтиш деярли имконсиз. Бир томонда – Лионель Месси бошчилигидаги кучли ҳужумга эга Аргентина. Иккинчи томонда эса тўп назорати ва мустаҳкам ҳимояси билан ажралиб турадиган Испания.
Шубҳасиз, ҳал қилувчи баҳс замонавий футболнинг икки турли фалсафаси ўртасидаги ҳақиқий тўқнашувга айланади. Бу ўйинда ҳар бир эпизод, ҳар бир қарор ва ҳар бир хато чемпионлик тақдирини ҳал қилиши мумкин.

“Opta” маълумотларига кўра, Испаниянинг ғалаба қозониш эҳтимоли 56,31 фоизни ташкил этади. Аргентинанинг бош совринни қўлга киритиш имконияти эса 43,69 фоиз деб баҳоланган. Аргентина ярим финалда Англияни 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, кетма-кет иккинчи марта Жаҳон чемпионати финалига йўл олган эди. Испания эса ярим финалда Францияни 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, ҳал қилувчи баҳсга йўл олганди. 

Қайси терма жамоа чемпион бўлади?

Шунингдек, “Opta” суперкомпьютери Жаҳон чемпионати бошланишидан олдин ҳам Испанияни жаҳон чемпионлиги учун асосий фаворит сифатида кўрсатган эди.

Қайси жамоа чемпионлик кубогини боши узра кўтаришидан қатъи назар, 2026 йилги Жаҳон чемпионати финали футбол мухлисларига узоқ йиллар эсда қоладиган тўқнашувни тақдим этиши кутилмоқда. Бир томонда – Лионель Месси етакчилигидаги ҳужумкор ва тажрибали Аргентина, иккинчи томонда эса Луис де ла Фуэнте бошчилигидаги интизомли ва мувозанатли Испания. Ҳар икки жамоа турнир давомида ўзининг энг яхши фазилатларини намоён этди ва финалга муносиб равишда етиб келди.

Ҳал қилувчи баҳсда тактик қарорлар, етакчиларнинг индивидуал маҳорати ва майда деталлар ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳам бу финал нафақат янги жаҳон чемпионлари номини аниқлайди, балки замонавий футболда қайси ўйин фалсафаси устун келаётганига ҳам жавоб беради.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends