Ўзбекистонлик боксчиларнинг бугунги иштироки қандай ўтди?
Спорт
−
28 Октябрь 2021
7809Бугун, 27 октябрь куни Сербиянинг Белград шаҳрида бокс бўйича Жаҳон чемпионатининг тўртинчи кунги баҳслари ўтказилди. Унда 3 нафар Фарғона бокс мактаби вакиллари рингга кўтарилди.
Дастлаб 57 кг вазн тоифасида Жаҳон чемпиони (2019) Миразизбек Мирзаҳалилов АҚШ вакили Жамал Херлига қарши рингга кўтарилиб, 2:3 ҳисобида мағлубиятга учради. Бироқ Мирзаҳалилов жанг давомида устунликка эришган эди.
+92 кг вазнда ҳарбий боксчилар иштирокида Жаҳон чемпиони Лазизбек Муллажонов Эрон вакили Пуриа Амирига қарши рингга кўтарилди ва ишончли ғалабага эришди. 22 ёшли фарғоналик боксчи кейинги босқичда британиялик Делишес Орьега қарши баҳс олиб боради.
Ўзбек боксчиларининг бугунги иштирокини якунлаб берган Асадхўжа Мўйдинхўжаев (67 кг) Фаластин вакили Аҳмед Харара билан “ҳисоб-китоб” қилди ва катта устунлик билан ғалабага қозонди. Мўйдинхўжаев кейинги босқичда япониялик Севонрет Оказавага қарши рингга кўтарилади. Фарғоналик боксчи илк жангида ирландиялик Брендан Маккиверни мағлуб этган.
Шу тариқа тўлиқ таркибда (13 вазн) иштирок этган ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталарининг 10 нафари ўз юришини давом эттирмоқда.
Маълумот учун, Жаҳон чемпионати жорий йилнинг 6 ноябрига қадар давом этади.