Ўзбекистондан Жаҳон савдо ташкилотига қўшилишни фаоллаштириш сўралмоқда
Жамият
−
19 Апрель 2020
11666Жаҳон савдо ташкилоти Ўзбекистонни ташкилотга қўшилиш жараёнида ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр. Бу ҳақда ЖСТ Бош директори ўринбосари Алан Вулф Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов билан бўлган видеоконференцияда маълум қилди.
Таъкидланишича, жорий йил 16 апрель куни Сардор Умурзоқов видеоконференция форматида Жаҳон савдо ташкилоти Бош директори ўринбосари Алан Вулф билан музокара ўтказган. Унда Ўзбекистонни Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши жараёнининг жорий ҳолати ва истиқболлари, шу жумладан Ишчи гуруҳнинг 4-чи йиғилишини ўтказиш масаласи муҳокама қилинган.
Музокара давомида, юзага келган эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда, жорий йил март ойининг ўртасидан Жаҳон савдо ташкилоти доирасидаги барча расмий тадбирлар тўхтатилганлиги борасида Ўзбекистон томони хабардор қилинди. Шу муносабати билан, жорий йил 17 апрелдан Жаҳон савдо ташкилоти асосий органлари фаолиятини, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, масофадан амалга ошириш орқали тиклаш борасида ташкилотга аъзо бўлган давлатларнинг норасмий маслаҳатлашувлари бўлиб ўтиши айтилган.
“А.Вулф республикамизни Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш жараёнида ташкилот Котибияти томонидан Ўзбекистонни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканлиги борасида ишонтирди. Бунинг учун Ўзбекистон тарафини мазкур йўналишда биргаликда амалга оширилаётган ишларни фаоллаштиришга чақирди“ дейилади хабарда.
Музокаралар якунида, ташкилотга аъзо бўлиш жараёнида ишлаб чиқилаётган ташаббусларни тезкорлик ва сифатли илгари суриш учун Жаҳон савдо ташкилоти штаб-квартираси билан биргаликда амалга оширилаётган ишларни масофадан давом эттириш бўйича келишувга эришилгани маълум қилинди.
Маълумот учун, ЖСТга 164 давлат аъзо ҳисобланади. Ўзбекистон ташкилотда кузатувчи мақомида. Мамлакат ушбу ташкилотга қўшилиш учун 1994 йилда ариза топширган.
LiveБарчаси