Ўзбекистон ЖСТга аъзолик масаласини тезлаштирмоқчи
Жамият
−
22 Март 2020
10987Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Жаҳон савдо ташкилоти билан мулоқотларни фаоллаштириш бўйича 2020 йилга мўлжалланган “Йўл харитаси” лойиҳасини муҳокама учун эълон қилди.
Ҳужжатга кўра, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича стратегия лойиҳасини ишлаб чиқиш жорий йилнинг 15 апрелигача якунланади.
Август-сентябрь ойларида эса мамлакатнинг ЖСТга қўшилиши қишлоқ хўжалиги, саноат, хизматлар соҳаси, кичик ва хусусий бизнесга қандай таъсир қилиши бўйича таҳлилий ахборот тайёрлаш режалаштирилган.
Лойиҳа билан ЖСТга қўшилиш бўйича ишчи гуруҳнинг тўртинчи йиғилишини ўтказиш ва ўзбек делегациясининг ташкилотнинг вазирлар конференциясида иштирок этиши режалаштирилган. ЖСТга аъзо бўлиш бўйича ишчи гуруҳнинг тўртинчи йиғилишини Женева шаҳрида ўтказиш режалаштирилган.
Ҳужжатга бириктирилган тушунтириш хатида лойиҳа мақсади “алоқадор вазирлик ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш орқали республиканинг ЖСТга қўшилиш жараёнини тезлаштириш ва самарадорлигини оширишдан иборат.
Лойиҳа жорий йилнинг 3 апрелигача муҳокамада бўлади. Лойиҳа рус тилида эълон қилинган бўлиб, унинг тўлиқ шакли билан қуйидаги илова орқали танишишингиз мумкин.
Эслатиб ўтамиз, мамлакатнинг ЖСТга қўшилиш жараёни 2019 йил июлда Ўзбекистон ЖСТга Ташқи савдо режими тўғрисидаги Меморандумни ташкилотга аъзолик аризасини кўриб чиқиш учун топширганидан кейин бошланганди.
LiveБарчаси