Ўзбекистондаги ОТМларда ҳижоб ўраш мумкинми? Вазир жавоб берди

Жамият

image

Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида ҳижоб ўрашга рухсат берилганми? Ушбу савол бугун, 18 декабрь куни “Tashkent city”даги Congress Hall мажмуасида бўлиб ўтаётган “Тошкент ёшлар форуми — 2020”нинг Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов билан сессиясида ўртага ташланди. Қарсаклар билан қаршиланган саволга Мажидов қуйидагича жавоб берди. 

“Менимча, бу саволнинг жавобини бу ерда ўтирган талабаларнинг ҳаммаси билади. Олий ўқув юртининг ички тартиб-қоидалари бор. Ички тартиб-қоидалар ҳаммани, жумладан талабалар ва ўқитувчилар орасида бир-бирини ҳурмат қилиш нуқтайи назаридан ишлаб чиқилган. Шу ички тартиб-қоидаларда белгиланган тартибда [олий таълим муассасасига] келиб-кетиш мумкин. Бунинг ичида нафақат бу савол, у дарсга, ўқишга қатнаши шартми, деган саволни олиб чиқади. Бунинг ичида одам бемалол аудиторияда ўтириши мумкинми ё йўқ деган саволлар чиқади. Йўқ, мумкин эмас. Ўша тартиб ўрнатилган, амал қилиниши керак. Тартиб бор, ўша ўрнатилган. Бу фақат бизнинг давлатда эмас. Ҳамма давлатда, ҳар бир таълим муассасасида тартиб-қоидаси мавжуд. Бугунги кунда биздаги ҳар бир олий ўқув юрти ўз тартиб-қоидасига эга. Ана шунга амал қилинади”. 

Маълумот ўрнида, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасида “Ўзбекистон Республикаси фуқароларнинг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмайди”, деб ёзилган. 

Жорий йилнинг август ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини тақдим этди. Унга кўра, қонуннинг янги таҳриридан 1998 йилда қабул қилинган қонундаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларнинг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмайди”, деган қисми чиқариб ташланиши назарда тутилмоқда. Бироқ, қонун ҳали қабул қилинганича йўқ.


Мақола муаллифи

Теглар

ҳижоб

Баҳолаганлар

1813

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг