Эрон мажбурий ҳижоб талабини бекор қилди

Олам

image

Эрон аёллар учун ҳижоб ўраш талабини бекор қилди, уни ўрамаслик учун жарима ва қонуний санкциялар қўлланмайди. Бу ҳақда Эроннинг мақсадга мувофиқлигини баҳолаш кенгаши аъзоси Муҳаммадризо Баҳонар маълум қилди.

“Ҳуқуқий ва суд нуқтаи назаридан қараганда, ҳижоб тўғрисидаги қонун лойиҳаси энди ижро этилмайди. Эронда ҳижоб ўраш қонуний равишда мажбурий эмас ва у ҳеч қандай жарима ёки бошқа ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди. Агар сизда муаммо бўлса, полицияга мурожаат қилинг”, деди у журналистларга.

Баҳонар ҳар бир давлатнинг ўзига хос кийиниш қоидалари борлиги, уларга риоя қилиш кераклиги, шунингдек, ҳукумат қарорлари ҳам бажарилиши лозимлигини таъкидлади. Айни пайтда “баъзилар мажбурий ҳижобга интилмоқда” ва парламент биноси олдида норозилик намойиши ўтказмоқда.

Аввалроқ Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён ҳам ҳижоб ҳақидаги қонунга қарши чиқиб, илгари бундай усуллардан фойдаланиб, ҳижоб кийишни тўхтатишга мажбурлаб бўлмаганидек, “одамларни зўрлаб ҳижоб кийишга мажбурлаб бўлмайди” деган эди.  

2022 йил 16 сентябрда Эрон фуқароси Маҳса Амини рўмолни нотўғри ўрашда айбланиб, ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинганидан сўнг вафот этганди. Ўшанда у 22 ёшда эди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига кўра, қизнинг юрак хуружи бўлган. Қариндошлари, ўз навбатида, Маҳсанинг юраги билан боғлиқ муаммо йўқлигини таъкидлаб, унинг ўлими сабабини ҳибсда калтакланганлиги деб атаган.

Аминининг дафн маросимидан сўнг Эрон ғарбида “Аёл, ҳаёт, эркинлик!” шиори остида оммавий норозилик намойишлари бошланди. Кўп ойлар давомида тартибсизликлар давом этди. Ноҳукумат ташкилотларга кўра, намойишлар пайтида 550 дан ортиқ намойишчи ҳалок бўлганди, 7 киши қатл этилганди. Минглаб одамлар ҳибсга олинганди.

Эрон ҳукумати эса тартибсизликларни Ғарб давлатлари қўллаб-қувватлаганини айтиб, уларни ўз ОАВлари орқали провокацион хабарлар тарқатганликда, шунингдек, аҳолини инқилоб ва ҳокимиятни ағдаришга чақирганликда айблади. Ҳуқуқ-тартибот идоралари Ғарб давлатлари, Исроил ва Саудия Арабистони разведка хизматлари томонидан ёлланган шахсларни оммавий ҳибсга олди, шунингдек, мамлакат чегараларида тартибсизлик иштирокчиларига мўлжалланган катта ҳажмдаги қуролларни деярли ҳар куни мусодара қилиб борди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Австрия ҳукумати 14 ёшгача бўлган мактабда таҳсил олаётган ўқувчи қизларга ҳижоб ўрашни тақиқламоқчилиги ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон ҳижоб Масъуд Пезешкиён Муҳаммадризо Баҳонар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг