Ўзбекистондаги коронавирусга чалинган беморлар аҳволи ҳақида маълумот берилди
Жамият
−
04 Май 2020
11475Ўзбекистон ҳудудида даволанаётган беморлардан 10 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафариники эса ўта оғир ҳолатда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков маълум қилди.
"Мамлакатимизда айни дақиқаларга келиб, коронавирус касаллиги билан 2160 бемор рўйхатга олинган. Беморларнинг 1319 нафари тўлиқ соғайган ва реабилитация марказларига ўтказилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 830 бемордан 10 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир", дейди Нурмат Отабеков.
Маълум қилинишича, ҳозирги вақтга келиб, 56 мингдан ортиқ фуқаро карантин муддатларини ўтаяпти. Уларнинг 13 мингдан ортиқроғи стационар шароитида, 42 мингдан ортиқроғи уй шароитида карантин тадбирлари билан қамраб олинган.
Отабековнинг сўзларига кўра, кеча 3 май куни 7300 дан кўпроқ вирусологик текширишлар ўтказилган. Шунингдек, Эпидемик вазият мураккаблашгандан буён 325 мингдан кўпроқ коронавирус касаллигига лаборатория текширувлари ўтказилгани маълум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Ҳозиргача мамлакатда коронавирус билан боғлиқ 2160 та ҳолат қайд этилган. Бугунгача беморларнинг 1278 нафари соғайган ва 10 нафари вафот этган.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси