Ўзбекистонда коронавирусдан соғайганлар 1300 нафардан ошиб кетди

Жамият

image

Тошкент шаҳрида ва Хоразм вилоятида жами 30 нафар бемор коронавирусдан буткул соғайди. Улар орасида 2 нафар ҳомиладор аёл бор. Бу ҳақда бугун, 3 май куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

“Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасидан 14 нафар, Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан 7 нафар ҳамда Тошкент шаҳридаги 3-сонли туғруқ мажмуасидан 2 нафар коронавирус инфекциясига чалинган беморлар, шунингдек Хоразм вилоятида ҳам 7 нафар бемор тўлиқ соғайди. Улар соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди“, дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасидан соғайганларнинг 5 нафари Тошкент шаҳридан, 3 нафари Тошкент вилоятидан, 1 нафардан Хоразм, Сирдарё, Андижон, Наманган, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларидан. Уларнинг 8 нафари Истанбул – Тошкент йўналишида, 2 нафари Москва – Тошкент йўналишида юртимизга келишган ва карантинга олинган. Касаллик аниқлангач, мазкур клиникага ётқизилган. Қолган 4 нафари эса коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олган. Беморларнинг 4 нафари эркак, 10 нафари аёл бўлиб, энг ёши каттаси 49 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 14 ёшда.

Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан тузалганларнинг 5 нафари Тошкент шаҳридан, 1 нафардан Тошкент ҳамда Жиззах вилоятларидан. Уларнинг 6 нафари эса коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олган. 1 нафари эса Қозоғистон Республикасидан келган ва карантинга олинган. Касаллик аниқлангач, мазкур клиникага ётқизилган. Беморларнинг 4 нафари эркак, 3 нафари аёл бўлиб, энг ёши каттаси 43 ёшда бўлса, энг кичиги 8 ёшда.

Тошкент шаҳридаги 3-сонли туғруқ мажмуасидан соғайиб чиққан 2 ҳомиладор аёл Тошкент шаҳридан бўлиб, 1 нафари 27 ёшда, яна 1 нафари 24 ёшда. Улар коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олган. Айни пайтда уларнинг ҳомиласи ривожланмоқда.

Шунингдек, Хоразмда соғайганларнинг барчаси Россиядан чартер рейс билан Хоразмга олиб келинган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, шифохонага жойлаштирилган. Ҳудудлар кесимида оладиган бўлсак, 2 нафардан бемор Қашқадарё ва Наманган вилоятларидан, 1 нафардан эса Фарғона, Бухоро ва Жиззах вилоятларидан. Уларнинг барчаси эркак бўлиб, энг ёши каттаси 49 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 26 ёш.

Шундай қилиб, бугун айни пайтга қадар 37 нафар бемор тузалиб, мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар 1308 нафарни ташкил этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Ҳозиргача мамлакатда коронавирус билан боғлиқ 2136 та ҳолат қайд этилган. Бугунгача беморларнинг 10 нафари вафот этган.

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

99

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг