Ўзбекистондаги энг қиммат уй сотилди (фото)
Жамият
−
21 Август 2023
104972Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Дўрмон йўли яқинидаги 51 хонали ҳовли кимошди савдосида сотилди. Унинг нархи 32 млрд 619 млн сўм бўлиб, уни “Mob Group” компанияси сотиб олди.
Умумий майдони 52 сотих бўлган ушбу ҳовлининг сотилиши Ўзбекистон учун энг йирик турар-жой аукциони битими ҳисобланади. E-AUKSION порталидаги маълумотга кўра, ҳовли ичидаги жиҳозлари, 135 турдаги товар ва моддий бойликлар билан сотилган.
“Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Равон кўчаси -50 уй, Мирзо Улуғбек тумани, Зайтун кўчаси 70-уй ҳудудидан бугунги кунда битта уй сифатида фойдаланиб келинаётгани боис, ҳар икки уй битта уй-жой сифатида ва ундаги мол-мулклар билан бирга электрон онлайн-аукцион орқали сотувга чиқарилмоқда”, дейилган савдо маълумотида.
Лот изоҳида ёзилишича, 2017 йилда қурилган 1 ва 2 қаватли бинолар жами 51 хонадан иборат. 0,52 гектар майдонда жойлашган уйнинг умумий майдони 2052,88 квадрат метрни ташкил этади. Шунингдек, ҳовлида газ, сув, электр таъминоти ва канализация мавжуд.
2022 йил бошида илк бор аукционга қўйилган кўчмас мулк объекти нархи қимматлиги учун сотилмаётган эди. Аммо 2023 йилнинг августига келиб уни сотиб олишга қурби етадиган топилди. Бу “Mob Group” компанияси бўлиб, аукцион ғолиби ресторанлар ва озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш билан шуғулланади.
Шунингдек, мазкур корхонанинг асосий таъсисчиси Одилбек Маннонов таълим соҳасидаги компанияларга ҳам эгалик қилади.
Қизиқ томони шундаки, ҳовли сотилиши ҳақидаги дастлабки эълонларда у Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг 15.04.2021 йилдаги 91-сонли ижро варақаси ҳамда Бюро инспектор С.Аҳмедовнинг 20.12.2021 йилдаги қарори билан аукционга чиқарилгани, буюртмачи сифатида эса Юнусобод тумани МИБ кўрсатилган эди. Бироқ Ўзбекистондаги энг қиммат уйнинг асл эгаси ким экани ва нима сабабдан МИБ қарамоғига ўтгани очиқланмаган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь