15 йил олдин ноҳақ судланган капитан оқланди

3-саҳифа

image

15 йил муқаддам Жиноят кодексининг 287-моддаси (Ҳарбий қисм ёки хизмат жойини ўзбошимчалик билан ташлаб кетиш) билан ноҳақ судланган капитан Камолиддин Мухторов оқланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 15 йил муқаддам асоссиз айблов билан судланган Камолиддин Мухторовга оид иш Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди тафтиш инстанцияси судлов ҳайъатининг Акмал Жонқобилов раислигида ўтказилган очиқ суд мажлисида кўриб чиқилган.

Унга кўра, судлов ҳайъати Жанубий-Ғарбий махсус ҳарбий округ ҳарбий судининг 2010 йил 22 январдаги ҳукми ҳамда Ҳарбий суд апелляция инстанцияси судлов ҳайъатининг 2021 йил 18 октябрдаги ажримини бекор қилган. Шу тариқа Жиноий ҳодиса юз бермагани сабабли Камолиддин Мухторов айбсиз деб топилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (Айблаш ва ҳукм қилиш учун асослар) 1-бандига асосан реабилитация қилинган ва оқланган.

Капитан ҳарбий унвонига эга Камолиддин Мухторов қандай адолатсизликка учраганди?

Қайд этилишича, Камолиддин Мухторов хизмат қилаётган ҳарбий қисм хизматчилари 2009 йилги мавсумда Сирдарё вилоятига пахта йиғим-теримига сафарбар этилади. Камолиддин Мухторовнинг никоҳ тўйи 21 ноябрь кунига белгиланганди. Ўша йили йиғим-терим чўзилиб кетади. Тўйга 2 кун қолганида ҳарбий қисмнинг ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари хизмати бошлиғи Камолиддин Мухторов иш жойига қайтиб келади ва таътил учун билдирги ёзади.

Билдиргига қисм командирининг таъминот бўйича ўринбосари И. Абдумўминов (гувоҳларнинг исм-шарифлари ўзгартирилган), саф бўлими бошлиғи С. Иброҳимов розилик билдириб, имзо қўяди. Капитан билдиргини қисм командири А. Баратовга имзолатиш учун унинг хонасига рухсат сўраб кирганда А. Баратов округда бўладиган йиғилишга шошилаётган бўлган. Камолиддин Мухторов бошқаларга бергани каби қисм командирига ҳам тўйга таклифнома тутқазади ва таътил учун билдирги ёзиб кирганини айтади.

“Табриклайман. Мен округда бўладиган йиғилишга шошиляпман, билдиргини столим устига қолдиринг”, дейди А. Баратов.

Қисм командири шундай дея, шошилганича хонадан чиқиб кетади. Камолиддин таътил сўраб ёзган билдиргисини қисм командирининг столи устида қолдирганини саф бўлими бошлиғи С. Иброҳимовга айтади ва ўзининг қўл остида ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари омбори бошлиғи вазифасида ишловчи Ф. Дадабоевга жамоа билан тўйга боришини, иш юзасидан қўнғироқлашиб туришни тайинлаб, ўша – 2009 йилнинг 20 ноябрь куни уйига қайтади.

Эртаси куни тўй бўлиб ўтади. Таътил кунларида уни иш жойидан ҳеч ким излаб келмайди. Ф. Дадабоев билан иш юзасидан қўнғироқлашиб турганида уни бирон кимса сўроқлаётганини ҳам айтмайди. Бироқ таътил муддати тугаб, иш жойига қайтиб келса, хизмат таътилига буйруқ чиқмаган. Ҳарбий прокуратура Камолиддин Мухторовни хизмат жойини ўзбошимчалик билан ташлаб кетганликда айблаб, унга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилади.

Кейин иш судга ўтади. Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округ ҳарбий судининг 2010 йил 22 январдаги ҳукми билан Камолиддин Мухторовга Жиноят кодексининг 287-моддаси (Ҳарбий қисм ёки хизмат жойини ўзбошимчалик билан ташлаб кетиш) 3-қисми билан Жиноят кодексининг 57-моддаси (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўлланилиб, пул таъминотининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга хизмат бўйича чеклаш жазоси тайинланади. Суд ҳукми чиққанидан сўнг Камолиддин Мухторов яна икки йил ўзининг вазифасида ишлаган. Контракт муддати тугаб, янгисини тузиш муддати етганида эса, унга судланганини рўкач қилишган ва у шу тариқа хизматдан бўшаб қолган.

Тафтиш инстанцияси суди қонун талабларига асосланиб, Камолиддин Мухторовнинг шикоятини қаноатлантириш лозим, деган тўхтамга келган. Чунки Жиноят кодексининг 9-моддасида (Айб учун жавобгарлик принципи) шахс қонунда белгиланган тартибда айби исботланган ижтимоий хавфли қилмишлари учунгина жавобгар бўлиши кўрсатилган.


Мақола муаллифи

Теглар

суд Ҳарбий суд капитан Камолиддин Мухторов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг