Ўзбекистонда яна карантин бўладими?
Жамият
−
19 Август
58507
Аввалроқ, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси бошқарма бошлиғи Рустамжон Икрамов маймунчечак (M-Pox) касаллиги Ўзбекистонга кириб келишига қарши чораларни кучайтираётгани, касалликнинг четдан кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш борасида халқаро аэропортларда, темирйўл ва автомобиль йўллари орқали чегара кесишган жойларда санитария назорати пунктлари мутахассисларининг ҳушёрлиги оширилганини маълум қилганди. Бу мамлакатда карантин бўлишини англатадими? QALAMPIR.UZ шу савол билан тегишли органларга мурожаат қилди.
Бизга маълум қилишларича, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бирор чеклов ўрнатилиши учун расман карантин эълон қилиниши ва Вазирлар Маҳкамасининг бу ҳақдаги қарори қабул қилиниши керак. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси махсус чораларни кучайтириш бўйича махсус қўлланма бериши лозим.
Аэропортларда Ўзбекистонга учиб келиш ва кетишда ПЦР-тестлар талаб қилиниши, мактаблар ёпилиши ва транспорт чекловлари, ниқоб режими каби чоралар учун ҳам ҳукуматнинг тегишли қарори қабул қилиниши керак. Ҳозирда бундай қарор қабул қилинмаган.
Маълумот учун, 14 август куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Конго Демократик Республикасидан қўшни давлатларга тарқалиб кетган эпидемия сабабли глобал соғлиқни сақлаш фавқулодда ҳолатини эълон қилган бўлиб, бу огоҳлантиришнинг энг юқори кўрсаткичи ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ вирус Швеция, Покистон ва Филиппинда аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.
LiveБарчаси