Ўзбекистонда туғилиш ва никоҳлар камайиб, ажрашиш кўпаймоқда – статистика

Бу қизиқ

−

image

Ўзбекистонда жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида тирик туғилганлар сони 638,6 минг кишини ташкил этди. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 26 минг кишига кам дегани. Шунингдек, ушбу даврда 172 мингта никоҳ қайд этилган ва ўтган йилдагидагига нисбатан 5 мингтага камайган. Ажримлар сони эса 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 мингтага кўпайган. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси томонидан эълон қилинган Ўзбекистоннинг демографик ҳолатига оид маълумотларда келтирилган.

Аҳоли сони

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тўғрисида”ги ПФ-173-сон фармонига мувофиқ 2026 йил 15 январь ҳолатига кўра ўтказилган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижалари асосида аҳоли сони ҳисобланди.

Шу маълумотларга кўра, 2026 йил 1 октябрь ҳолатига Ўзбекистон Республикаси доимий аҳолиси сони 39 млн 535,2 минг кишини ташкил этган. Бу ўтган йилнинг шу санасига нисбатан (қайта ҳисобланган маълумотлар бўйича) 1,8 фоизга кўп. 2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида тирик туғилганлар сони 638,6 минг кишини, вафот этганлар сони 123,4 минг кишини ташкил этган, табиий ўсиш эса 515,2 минг кишига етган. Хориждан кўчиб келганлар сони 2 114 нафарни, хорижга кўчиб кетганлар сони эса 6 398 нафарни ташкил қилган. Шу даврда 172 мингта никоҳ ва 36,8 мингта ажрим қайд этилган.

Доимий аҳоли сони шаҳар жойларида 21 млн 523,8 минг кишини (жами аҳолининг 54,4 фоизи), қишлоқ жойларида эса 18 млн 11,4 минг кишини (45,6 фоизи) ташкил этган. Аҳолининг 19 млн 521,2 минг нафарини (49,4 фоизи) аёллар, 20 млн 14 минг нафарини (50,6 фоизи) эркаклар ташкил этган. 2026 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, мамлакат бўйича аҳоли зичлиги бир квадрат километрг 88,1 кишини ташкил қилган. Бу кўрсаткич 2025 йил 1-октабр ҳолати билан солиштирганда 1,6 кишига кўп (2025 йил 1-октабр ҳолатига 1 кв. км га 86,5 киши тўғри келган).

Туғилиш

Республикада жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида тирик туғилганлар сони 638,6 минг кишини, туғилиш коэффициенти эса 21,7 промиллени ташкил этган. Туғилганлар сони 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 26 минг кишига камайган. 2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида вафот этганлар сони 123,4 минг кишини, ўлим коэффициенти эса 4,2 промиллени ташкил этган. Вафот этганлар сони 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 8,8 минг кишига камайган. Кўриб чиқилаётган даврда республика бўйича тирик туғилганлар сони жами 638,6 минг кишини ташкил этган. Шундан 329,8 минг нафари (туғилганларнинг умумий сонига нисбатан 51,6 фоизи) ўғил болалар, 308,8 минг нафари (48,4 фоизи) эса қизлар. Уларнинг 310,5 минг нафари (туғилганларнинг умумий сонига нисбатан 48,6 фоиз) шаҳар жойларда, 328,1 минг нафари (51,4 фоиз) қишлоқ жойларда дунёга келган. Мазкур даврда республика бўйича вафот этганларнинг умумий сони 123,4 минг кишини ташкил қилган. Шундан 68,5 минг нафари (вафот этганларнинг умумий сонига нисбатан 55,5 фоиз) эркаклар, 54,9 минг нафари (44,5 фоиз) аёллар. Уларнинг 65,7 минг нафари (вафот этганларнинг умумий сонига нисбатан 53,2 фоиз) шаҳар жойларда, 57,7 минг нафари (46,8 фоиз) эса қишлоқ жойларда яшовчилар бўлган.

Никоҳ ва ажралиш

Шунингдек, Ўзбекистонда жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида 172 мингта никоҳ қайд этилган ва никоҳ коэффициенти 5,9 промиллени ташкил қилган. Никоҳлар сони 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 5 мингтага камайган. 2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида 36,8 мингта ажрим қайд этилган, ажримлар коэффициенти 1,3 промиллега тенг бўлган. Ажримлар сони 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 мингтага ошган. Республикада қайд этилган никоҳлар сони 172 мингтани, шундан шаҳар жойларида 88 мингтани (51,2 фоиз), қишлоқ жойларида 84,0 мингтани (48,8 фоиз) ташкил этган. Ажримлар сони 36,8 мингтани, шундан шаҳар жойларида 21,9 мингтани (59,5 фоиз), қишлоқ жойларида 14,9 мингтани (40,5 фоиз) ташкил этган.

Жорий йил январь-сентябрь ойларида республика ичида ва четдан кўчиб келганларнинг жами сони 262 860 кишини, шу жумладан республиканинг бошқа ҳудудларидан кўчиб келганлар 260 минг 746 кишини, хорижий мамлакатлардан кўчиб келганлар 2 114 кишини ташкил этган. Кўчиб кетганларнинг жами сони 267 минг 144 кишини, шу жумладан республиканинг бошқа ҳудудларига кўчиб кетганлар 260 минг 746 кишини, хорижий мамлакатларга кўчиб кетганлар 6 398 кишини ташкил этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда никоҳлар сони сўнгги йилларда кескин камайгани ҳақида хабар берилган эди. Хусусан, 2021 йилда 305,2 мингта никоҳ қайд этилган бўлса, 2025 йилга келиб бу рақам 267,1 мингтани ташкил қилган. Яъни, тўрт йил ичида никоҳлар сони 38,1 мингтага камайган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг