БААда алкоголли ичимлик ичиш ва никоҳсиз бирга яшашга рухсат берилди
Олам
−
09 Ноябрь 2020
31461Бирлашган Араб Амирликларида (БАА) спиртли ичимликлар ичиш ва никоҳдан ўтмасдан бирга яшаш энди жиноят сифатида қабул қилинмайди. “The National” нашри берган хабарга кўра, мамлакат Президенти Халифа ибн Заид ал-Наҳаён шахсий мақом тўғрисидаги қонунга, федерал жиноят кодексига ва федерал жиноят-просессуал кодексига тузатишлар киритишни тасдиқлаган.
Бу сўнгги йиллар ичида ҳуқуқ тизимининг энг катта кўламда қайта кўриб чиқилиши бўлиб, у ажрашиш ва ворислик қоидаларидан тортиб, алкоголь истеъмолигача бўлган масалаларга тааллуқли бўлди.
Лицензиясиз алкоголь истеъмол қилиш
Нашрнинг қайд этишича, “зудлик билан кучга кирадиган қонунлар сайёҳларни ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни қўшимча жалб этишга, шунингдек, амирликлар аҳолиси учун қоидаларни соддалаштиришга қаратилган”. Хусусан, тегишли лицензиясиз алкоголь истеъмол қилиш жиноятлар қаторидан чиқарилди, бу хусусий тартибда ёки бунинг учун махсус ажратилган жойларда лицезиясиз одам спиртли ичимликларни истеъмол қилгани, сақлагани ёки сотгани учун суд таъқибига учрамайди. Аммо аввалгидек 21 ёш чегараси сақланиб қолади. Вояга етмаганларга ичимлик сотишда қўлга тушганлар қонун бўйича жазоланади.
БААда алкоголь бўйича чекловлар 2018 йилдан бошлаб босқичма-босқич олиб ташланяпти. Ўшанда Абу-Дабида диний байрамлар арафасида ва байрам куни алкоголь истеъмол қилиш ва сотишга қўйилган тақиқ бекор қилинганди. Ўша йилнинг сентябрида шу шаҳарда амирликлар фуқаролари учун лицензия — дўконлар, бар ва ресторанларда алкоголь сотиб олиш имконини берувчи махсус карта олиш қоидалари ҳам бекор қилинган эди. Дубайда эса картали тизим шу пайтгача сақланиб қолганди. Сайёҳлар ҳам вақтинчалик лицензия олиши шарт эди.
Никоҳдан ўтмасдан бирга яшаш
“Grazia” нашри маълумотларига кўра, қонунчиликдаги ўзгаришлар энди қариндош бўлмаган ёки никоҳдан ўтмаган эркак ва аёлнинг бирга яшашига рухсат беради. 14 ёшдан ошганлар учун ўзаро розилик билан муносабатларга киришиш эндиликда жиноят ҳисобланмайди. Шу билан бирга вояга етмаганларга ва ақлий қобилияти чекланган одамларга тажовуз қилганлик учун жазо кучайтирилмоқда — бундай жиноят учун ўлим жазоси белгиланган. Аёлларга нисбатан таъқиб ва жинсий зўравонлик учун ҳам янада қатъийроқ жазо кўзда тутилган.
Ўз жонига қасд қилиш ҳам жиноятлар қаторидан чиқарилди
Жиноят кодексидан ўзини ўзи ўлдиришга уринганлик учун жазо тўғрисидаги модда чиқариб ташланди. Шунингдек, кимгадир шошилинч ёрдам кўрсатган, аммо уни ўлимдан сақлаб қололмаган одамлар ҳам жавобгарликка тортилмайди.
Ворислик қоидаларининг ўзгартирилиши
Хорижий инвесторларнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш мақсадида ворислик қоидалари янгиланди. Энди агар васиятномада бошқача ҳолат кўрсатилмаган бўлса, мерос вафот этган шахс келиб чиққан мамлакат баённомаларига мувофиқ равишда амалга оширилади. БААда маҳаллий қонунлар ҳар қандай мулкка нисбатан қўлланилади. Никоҳдан ўтиш ва ажрашиш шартлари эр келиб чиққан мамлакат эмас, никоҳ тузилган мамлакат қонунларига мувофиқ амал қилади.
LiveБарчаси