Ўзбекистонда талабалар учун яна бир стипендия таъсис этилади
Жамият
−
09 Июнь 2023
10995Ўзбекистонда талабалар учун экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири стипендияси таъсис этилади. Бу Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда назарда тутилган.
Қарорга кўра, жорий йилнинг 1 сентябридан олий таълим муассасаларининг экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ўрмончилик, “яшил” иқтисодиёт, гидрометеорология ва бошқа талаб юқори бўлган йўналишларидаги энг иқтидорли талабалар учун Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири стипендияси таъсис этилади.
Бунда тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабаларнинг бир йиллик шартнома тўлови қопланган ҳолда, ҳар ойда Базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 3 бараварида (990 минг сўм), давлат гранти асосида таълим олаётган талабаларга ҳар ойда БҲМнинг 6 бараварида (1 миллион 980 минг сўм) стипендиялар тайинланади.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг апрель ойида Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг стипендияси ташкил этилганди. Шунингдек, январь ойида эса тарих ва география йўналишларида таҳсил олувчи талабалар учун Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги давлат стипендияси таъсис этилган.