Ўзбекистонда тақиқланган экстремистик ва террористик контентлар рўйхати эълон қилинди (рўйхат)
Жамият
−
19 Май 2023
37480Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан экстремизм ва терроризм ғоялари билан йўғрилган деб топилган мамлакат ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш, тарқатиш ва намойиш этиш тақиқланган материаллар рўйхати эълон қилинди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита хабар берди.
Қуйида 2023 йил 17 май ҳолатига кўра, экстремизм ва терроризм ғоялари билан йўғрилган деб топилган Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш, тарқатиш ва намойиш этиш тақиқланган материаллар рўйхати илова қилинади.
Келтирилишича, Ўзбекистон Республикасида экстремистик ва террористик мазмундаги материаллар жойлаштирилган интернет сайтлари, каналлар, профилларни аниқлаш ва уларнинг фаолиятига чек қўйиш юзасидан масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда йўлга қўйилган механизм асосида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур механизмга асосан, Дин ишлари бўйича қўмитаси Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорлигида интернет тармоғидаги радикал диний мазмундаги контентлар аниқланиб, Олий суд қарори билан улар экстремистик ва террористик материаллар деб топилади.
Ушбу тартибга асосан, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 60 га яқин қарори чиқарилиб, уларга мувофиқ 500 дан ортиқ контент радикал мазмунда деб топилган ҳамда уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш, тарқатиш, сақлаш, олиб кириш ва намойиш этиш тақиқланган.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг “Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш ҳамда диншунослик экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” 2022 йил 14 апрелдаги 180-сон қарорига кўра, ҳар қандай диний мазмундаги материаллар диншунослик экспертизаси ўтказилиши ва экспертизанинг ижобий хулосаси уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрланиши, олиб кирилиши ва тарқатилиши учун асос ҳисобланиши қайд этилган.
Мазкур қарорга асосан, Дин ишлари бўйича қўмита муайян бир шахсга ёки унинг хатти-ҳаракатлари юзасидан экспертлик хулосасини бермайди. Қўмита ҳуқуқ-тартибот органлари тақдим этган диний мазмундаги материаллар юзасидан давлат диншунослик экспертизасини ўтказади ҳамда улар бўйича экспертлик хулосасини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ тайёрлайди.
Диний мазмундаги материаллар тегишли қонун ҳужжатларига кўра, қуйидаги ҳолатларда:
- жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ёки ижтимоий мавқеига қараб ёки бошқа ҳолатларга кўра камситиш ёхуд ўзга шахслар маҳсулотларини обрўсизлантириш;
- Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузуми, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват қилиш;
- уруш, зўравонлик, терроризм, шунингдек диний экстремизм ва сепаратизм ғояларини тарғиб этиш;
- миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи ахборотни тарқатиш;
- диний эътиқодни ўзгартиришга даъват қилиш;
- диндорларнинг диний туйғуларини ҳақорат қилиш ёки камситиш;
- фуқароларни ўз конституциявий мажбуриятларини бажармасликка чақириш;
- давлат, жамоат ёки диний ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва мол-мулкига тажовуз қилишга ундаш каби ғоялар акс этган материалларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш ва тарқатилишига йўл қўйилмайди.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилояти Оққўрғон туманида Telegram’даги гуруҳга нашид тарқатган 20 ёшли йигит 3 йилга озодликдан маҳрум этилганди. Айбланувчи ўзига тегишли бўлган iPhone-X телефонида очилган Telegram профили ёрдамида ўзбек тилидаги “Шаҳид бўлиб кетсак рози бўлингиз” номли “жиҳод” ва “ҳижрат”га даъват қилувчи диний мазмундаги нашидларни 10 нафар аъзоси бўлган “Алҳамдулиллаҳ” номли гуруҳга тарқатганлиги аниқланган.
Шунингдек, бундан аввалроқ Тошкент шаҳрида 22 ёшли талаба йигит телефонида нашид эшитгани учун Жиноят кодексининг 244-1-моддаси билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди. Унга тайинланган жазо шартлига ўзгартирилиб, 2 йил синов муддати белгиланди ва у суд залида қамоқдан озод қилинган эди.
LiveБарчаси