Ўзбекистонда сўнгги 10 йилда зилзилалар оқибатида неча киши ҳалок бўлган?

Жамият

image

Сўнгги 10 йил мобайнида Ўзбекистонда жами олти маротаба 6-8 балли зилзилалар содир бўлиб, 16 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар, Қурилиш вазирликлари, Фанлар академияси Сейсмология институти ва бошқа масъул ташкилотлар вакиллари иштирокидаги матбуот анжуманида маълум қилинди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон геологик жойлашувига кўра, Ўртаер денгизи-Осиё сейсмик камарида жойлашган. Шу боисдан, республика ва унга чегарадош ҳудудларда тез-тез зилзилалар содир бўлиб туриши табиий ҳол саналади. 

Таъкидланишича, республикада 1900 йилдан шу кунга қадар 60 дан ортиқ кучли ва ҳалокатли (магнитудаси 5 дан юқори бўлган) зилзилалар содир бўлган.

Охирги 10 йил мобайнида республикада жами олти маротаба 6-8 балли зилзилалар содир бўлган, оқибатда қурбонлар сони 16 кишини, жабрланганлар сони 54 кишини ташкил этган. Шунингдек, 84 млрд сўм иқтисодий зарар етказилган.

Булар:

•  Кон зилзиласи – 2011 йил (8 балл), 

•  Туябўғиз зилзиласи – 2013 йил (7 балл), 

•  Маржонбулон зилзиласи – 2013 йил (8 балл), 

•  Китоб ва Бахмал зилзилалари – 2016-2017 йиллар (7 балл), 

•  Бойсун зилзиласи – 2022 йил (6 балл).

Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази томонидан Ўзбекистон ва унга чегарадош ҳудудларда 2023 йил 1 январдан бугунги кунгача магнитудаси 2,8 дан 6,8 гача бўлган 250 дан ортиқ зилзила қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 март куни Тошкент вақти билан 21:47 да Афғонистонда зилзила содир бўлди. Мазкур зилзила Ўзбекистон ҳудудларида ҳам сезилиб, 5-6 баллни ташкил қилган. 

Шунингдек, 23 март куни соат 1:07 да Ўзбекистонда яна зилзила қайд этилди. ФВВ Сейсмопрогностик мониторинг Республика марказининг хабар қилишича, ушбу зилзила эпимаркази Тошкент шаҳридан 217 км жануби-шарқда, Тожикистонда бўлган. Тошкентда ер силкинишининг таъсир кучи 5 баллга тенг бўлган эди.

Бундан ташқари, кеча, 24 март куни ижтимоий тармоқларда яқин кунларда республикада яна зилзила содир бўлиши ҳақида хабарлар тарқалганди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳолатга муносабат билдириб, ҳозирги вақтда дунёнинг ҳеч бир давлатида зилзила содир бўладиган сана ва ҳатто тахминий вақтни башорат қила оладиган технологиялар мавжуд эмаслигини билдирганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон зилзила қурбонлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг