Ўзбекистонда сунъий тарзда қор ва ёмғир ёғдирилиши мумкин. Бу қандай қилинади?

Интервью

image

Ўзбекистонда сунъий тарзда қор ва ёмғир ёғдирилиши мумкин. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати маркази директори ўринбосари Ибратжон Каримов “Иқлим ўзгариши бўйича амалга оширилган ишлар” юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

“Охирги пайтларда сунъий усул орқали ёмғир ёғдириш технологиялари жуда кўп муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ўтган йили Бирлашган Араб Амирлиги ва Саудия Арабистонида атмосфера ҳавосига фаол таъсир қилиш натижасида қор ёғдирилган. Бу ишлар Гидрометеорология институтининг базасида 1963 йилда бошланган. Энг охирги илмий тадқиқот эса 1990-йилларда бўлган. Ўша пайтларда самолётларда ҳавога кумуш йодид элементини сепиш орқали Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги тоғли ҳудудларга ёмғир чақирилган. Минг афсуски, ўтган 30 йил давомида илм ташлаб қўйилган. Нафақат бизнинг институтимизда, балки бутун Республикада ўтиш даври бўлди. Ҳозир институтимиз жамоаси яна қайта шу ишни бажаришга бел боғлаган”, дейди Ибратжон Каримов.

Гидрометеорология хизмати маркази директори ўринбосари сўзида давом этар экан, сунъий усул билан атмосферага фаол таъсир кўрсатиш орқали қор ёки ёмғир ёғдириш илгари тажрибадан ўтганини урғулаб, бугунги кунда ушбу амалиётни яна Ўзбекистонда қўллаш учун музокаралар олиб борилаётганини маълум қилди.

“Биз учун ёмғир чақириш ёки, қор ёғдириш усуллари янгилик эмас. Бу масала институтимиз жамоасининг профессор ва олимлари томонидан қайта оёққа турғазилиб, йўлга қўйилиш арафасида. Бугунги кунда институтимиз раҳбарияти бу масала бўйича Республикадаги энг катта ташкилотларидан бири билан музокара жараёнида. Ҳозир ташкилот номини айтмайман. Ташкилот томонидан жуда яхши таклифлар бўлмоқда. Лойиҳани қўллаб-қувватлаб ва 10 млрд сўм атрофида молиялаштирган ҳолда уларнинг фаолиятига зарур бўладиган моделларни яратиб, улар амалий тажрибалар билан фаслларга қараб, буюртма қилинаётган жойларга ёмғир ва қор чақириш жараёнларини қилиб бериш ниятидамиз.

Болалигимиздан биламизки, йирик давлат тадбирлари олдидан тўп орқали булутлар тарқатилиб, кучли ёмғир ва долнинг олди олинган. Бунга институтимизнинг салоҳияти ҳам етарли. Бироқ, молиявий сабаблар таъсирида бу масалалар тўхтаб қолган эди. Ҳозирда бу тажрибага давлат 

идоралари томонидан қизиқишлар бўлмоқда. Худо хоҳласа, давом этаётган музокаралар тез орада ўз натижасини кўрсатади. Биз 20 февралда 3 йиллик лойиҳа юзасидан меморандум имзолаймиз ва яна ўша ишларимизни давом эттирамиз”, дейди Каримов.

Шу ўринда Гидрологик жараёнларни математик моделлаштириш лабораторияси кичик илмий ходими Акмал Ғофуров атмосферага фаол таъсир этиш орқали ёмғир ва қор ёғдириш технологияси ҳақида маълумот бериб, бу борада дунё мамлакатларининг тажрибаси ҳақида тушунтириш берди. 

“Бугунги кунда иқлим ўзгариши натижасида ёғин ва қорнинг камайиши кузатилмоқда. Атмосферага фаол таъсир кўрсатиш ёғин ва қор кўринишидаги ёғингарчиликни ошириш, яъни ёмғирни сунъий ёғдиришдан иборатдир. Жаҳон метрологик ташкилотининг маълумотига кўра, ҳозирги кунда 56 тага яқин давлатлар булут экиш технологиясидан фойдаланади. Бу технология Хитой, Индонезия ва АҚШ каби мамлакатларда қурғоқчиликка қарши курашиш учун кенг қўлланилмоқда”, дейди Ғофуров. 

У, шунингдек, ушбу лойиҳа бўйича қўйилган халқаро ҳуқуқ ва меъёрлар, қолаверса, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қабул қилинган Атмосфера муҳитини ўзгартириш конвенциясида келтирилган фикрлар ҳақида гапириб, бу лойиҳани Ўзбекистонда ҳам амалга ошириш режалаштирилаётганини таъкидлади.

“БМТ томонидан қабул қилинган атмосфера муҳитини ўзгартириш конвенцияси ягона ҳужжат ҳисобланади. Ҳужжатда бу усулдан тинчлик йўлида фойдаланилса, мумкин деб келтириб ўтилган. Ёмғир ёғиш технологияси биз учун нимага керак? Биз бу усул орқали қиш кунлари ёғинни кўпайтиришимиз мумкин. Ёғиннинг қор кўринишида ёғиши эса, ёз фасли, яъни айни сув керак бўладиган вақтда сув захираси билан таъминланишимизга ёрдам беради. Бугунги кунда Гидрометеорология хизмати марказида “Муссо” дастури ишламоқда. Бу дастур дарё ҳавзаларидаги қор қатламини назорат қилади. Ёғин миқдори камлигини олдиндан аниқласак, қўшимча кучни ёғинни оширишга қаратишимиз мумкин бўлади. Бугунги кунда ёмғир чақириш бўйича ишларимиз тўхтаб қолган. Лекин бу ишларни амалга ошириш учун Гидрометеорология институтимизда имконият мавжуд. Бугун олимларимиз ёмғир ёғдириш технологиясининг иқтисодий самарадорлиги ва унга кетадиган харажатлар бўйича ишлар олиб бормоқда. Агар иқтисодий самарадорликка эриша оладиган бўлсак, ёғдирган ёғинимизнинг миқдори харажатни қопласа, келажакда бу  ишларни давом эттириш учун режаларимиз бор”, дейди Акмал Ғофуров.

Эслатиб ўтамиз, QALAMPIR.UZ ўзгариб бораётган об-ҳаво, экологиянинг ўзгаришига сабаб бўлаётган омиллар ҳақида Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази директорининг биринчи ўринбосари Ибратжон Каримовдан интервью олган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Гидрометеорология қор ва ёмғир интервью

Баҳолаганлар

1614

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг