Фақат Худо мени президентлик пойгасидан четлата олади – Байден

Олам

image

АҚШ Президенти Жо Байден президентлик сайловлари пойгасидан уни фақат Худогина четлата олишини билдирди. Бу ҳақда Оқ уй раҳбари ўз номзодига билдирилаётган демократларнинг хавотирини йўқотиш мақсадида кеча, 5 июль куни “ABC News” нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

Интервью вақтида 81 ёшли Байден сайловчиларни ўзининг навбатдаги президентлик муддатига соғлиғи жиҳатдан яроқли эканлигига ишонтириш учун ақлий тест синовининг натижаларини оммага ошкор қилишдан бош тортган. Мустақил тиббий тестлардан, жумладан, неврологик ва когнитив тестлардан ўтишга ва сайловчиларга натижалар ҳақида хабар беришга тайёрмисиз, деган саволга Байден шундай жавоб берди:

“Бунақа тестларни мен ҳар куни топшираман. Битта ҳам кун қолмайди. Ҳар доим тиббий кўрикдан ўтиб бораман”, деган Жо Байден.

Байден сайловларда республикачилардан анча орқада қолганини инобатга олиб, Трампни мағлуб эта оладими, деган такрорий саволларга жавоб берар экан, у ноябрь ойида бўлиб ўтадиган сайловда ғалаба қозонишига мутлақ ишончи комиллигини билдирган.

“Мен НАТОни бирлаштирган одамман. Уни кенгайтира олишимни ҳеч ким ўйламаганди. Мен Путинни тўхтатган одамман. Ҳеч ким бунга ишонч билдирмаганди. Украинага ёрдам бериш учун нафақат Европада, балки ундан ташқарида ҳам 50 та давлатни бирлаштира олганман. Менимча, ҳеч ким президент бўлишга ёки бу пойгада ғолиб бўлишга мендан кўра малакалироқ деб ўйламайман”, деган у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Байден Трамп билан баҳсда яхши натижа кўрсатмаганини тан олгани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Оқ уй Жо Байден интервью

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг