Ўзбекистонда Россияга қарши шиорлар тез-тез янграмоқда – Россиялик эксперт
Интервью
−
05 Октябрь 2023
31152Бугун Ўзбекистонда жамоатчилик орасида Россияга қарши шиорлар тез-тез эшитилади. Бу муҳокамаларда Ўзбекистоннинг ўзи учун фойдали бўлган ташаббус ва лойиҳалар, ҳатто, “Уч томонлама газ иттифоқи” ҳақида гапирилаётганда ҳам Россия Федерацияси аёвсиз танқид қилинмоқда. Бу ҳақда Россия Фанлар академиясининг Е.М.Примаков номидаги Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар миллий тадқиқот институти катта илмий ходими, Марказий Осиё бўйича мутахассис Станислав Притчин ОАВга берган интервьюсида сўз очди.
“Мирзиёев кўп векторли халқаро сиёсат қурмоқда. Ўзбекистонда ички сиёсат ҳам плюралистик тус олди. Блогерлар институти ва жамоатчилик фикрининг янги етакчилари пайдо бўлди. Бундай шароитда Ғарб нодавлат ташкилотлари ҳам вазиятдан фойдаланиб, ўз таъсирини кучайтириш учун катта роль ўйнайди.
Бу ўзбек жамиятининг Россия ҳақидаги тасаввурига, ҳеч бўлмаганда унинг ижтимоий тармоқлар ва турли муҳокама майдончаларида мавжуд бўлган фаол қисмига таъсир қилмаслиги мумкинмас эди.
Бугун Ўзбекистоннинг ички муҳокамаларида Россияга қарши шиорлар тез-тез эшитилади. Муҳокамаларнинг кўзга кўринган қисмига эътибор қаратсангиз, Ўзбекистоннинг ўзи учун фойдали бўлган ташаббус ва лойиҳалар, масалан, худди ўша “Уч томонлама газ иттифоқи” ҳақида гапираётган бўлсак ҳам, улар Россия Федерациясини анча танқид қилмоқда”, дейди Марказий Осиё бўйича сиёсий мутахассис Притчин.
Унинг алоҳида урғулашича, айнан ижтимоий тармоқлардаги вазият ҳам Москва ва Тошкент муносабатларининг ривожланишини чеклайди.
“Ўзбекистон расмийлари бугун кўпинча ички муҳокамаларга таяниб, бу жамиятнинг фикри ва уни эътибордан четда қолдириб бўлмайди, деб баҳона қилади. Гарчи бу баъзи ғарбпараст жамият раҳбарларининг фикри эканлиги ва бу ҳар доим ҳам мамлакатнинг ҳақиқий манфаатларига мос келмаслиги аниқ”, дейди у.
Притчин сўзини давом эттириб, юқоридаги сабаблар тўғридан-тўғри бўлмаса-да, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларда маълум қийинчиликлар ва кескинликлар келиб чиқишига таъсир қилишини айтган.
Унинг билдиришича, Россиянинг Украинага босқинидан аввал нафақат ўзбек жамоатчилиги, балки Ҳукуматнинг ҳам муносабати бошқача бўлган.
Айтиш мумкинки, “махсус ҳарбий операция” бошланишидан аввал, Ўзбекистон ташқи сиёсати имкон қадар прагматик ва биринчи навбатда иқтисодий манфаатларга асосланган эди. Аммо “махсус ҳарбий операция” бошланиши билан Тошкентнинг ташқи сиёсатида маълум ўзгаришлар рўй берди, ҳатто, Россия билан Ўзбекистон учун муҳим лойиҳалар тўхтатиб қўйилди”, дейди эксперт.
Унинг айтишича, Тошкент ва Ғарб ўртасидаги муносабатлар фаоллашмоқда.
“Ўзбекистон Ғарбнинг барча лойиҳаларида иштирок этмоқда. Бу C5+ ва шу йилнинг июль ойида Чўлпон-Отадаги учрашув ва БМТ Бош Ассамблеяси доирасидаги АҚШдаги учрашув ва Берлиндаги учрашувдир. Бунга параллель равишда Ўзбекистон делегацияси Саудия Арабистонида бўлиб, Жидда шаҳрида Марказий Осиё давлатларининг Форс кўрфази мамлакатлари билан учрашувида қатнашди.
Унинг урғулашича, расмий ташрифлар йўналишларига назар ташлансанса, Тошкент энг мувозанатли ташқи сиёсат юритишини кўриш мумкин. Аммо рақамлар ва макроиқтисодий статистик маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак, Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари ҳамон Хитой ва Россиядир. Асосий инвестор эса Россия ҳисобланади.
“Шунга қарамай, Тошкент Москва билан муносабатларининг ҳозирги даражасини сақлаб қолган ҳолда, имкон қадар ташқи сиёсатини диверсификация қилишга ҳаракат қилмоқда. Яна бир савол шундаки, Ғарб давлатлари билан ҳамкорлик қай даражада буни амалга ошириш имконини беради? Эълон қилинган кўп миллиард долларлик инвестициялар ҳар доим ҳам лойиҳаларга айланавермайди. Ғарб давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш борасида айтилган ва муҳокама қилинадиган нарсалар ҳар доим ҳам ҳақиқий сармоя келтирмайди”, дейди Притчин.
Эслатиб ўтамиз, куни кеча Ўзбекистон халқ артисти Дилором Каримова сўнгги йилларда мамлакатга серқатнов бўлиб қолган россиялик санъаткорларни, улар томонидан амалга оширилаётган пропагандани танқид остига олди. Унинг фикрича, бугунги кунда бутун дунёда рус [Россия] қудрати, рус [Россия] характери, рус тили, рус қуролига бўлган муносабат тубдан ўзгармоқда. Шу сабабли рус пропагандаси ўзининг ташвиқотини тинглайдиган майдон қидиряпти.
LiveБарчаси