Ўзбекистон Россия билан туризм бўйича алоқаларни ривожлантирмоқчи
Олам
−
14 Июнь
2659Ўзбекистон Туризм қўмитаси туризм соҳасини ривожлантириш бўйича Ўзбекистон-Россия қўшма лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр. Бу ҳақда қўмита раисининг биринчи ўринбосари Жамшид Абдусаломов Россия пойтахтида бўлиб ўтаётган “Саёҳат қил” туризм форумида сўз очган.
“Россия ва Ўзбекистон туризм соҳасида ҳали фойдаланилмаган улкан салоҳиятга эга, биз фаолроқ ва кенг кўламда ҳамкорлик қилишимиз керак. Ўзбекистон Туризм қўмитаси қўшма лойиҳаларни амалга оширишда мамлакатларимиз туризм бизнесини қўллаб-қувватлашга тайёр”, дейди у.
Шу билан бирга, у мамлакатда туризм иқтисодиётнинг драйвери сифатида белгилангани ва Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан кейинги йилларда бу соҳани ривожлантириш бўйича мисли кўрилмаган чора-тадбирлар амалга оширилаётганини қайд этган.
Аввалроқ Россия Президенти Владимир Путиннинг 26-28 май кунлари Ўзбекистонга ташрифи чоғида 2025-2026 йилларга мўлжалланган туристлар оқимини ошириш бўйича икки томонлама дастур ҳамда туризм соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича йўл харитаси имзолангани хабар қилинганди. Мутахассисларнинг фикрича, ушбу ҳужжатларнинг ҳаётга татбиқ этилиши 2027 йилга бориб ўзаро сайёҳлар оқимини 40 фоизга, йилига 2 миллион сайёҳга етказади.
Ҳозир россиялик сайёҳлар Ўзбекистонга ташриф буюриш бўйича Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистондан кейин тўртинчи ўринни эгаллаб турибди. 2023 йилда Ўзбекистонга Россия Федерациясидан 714,2 минг турист ташриф буюрди, бу 2022 йилга нисбатан 25,8 фоизга кўпдир.