Ўзбекистонда поезд чипталари нархи яна ошади

Жамият

image

Ўзбекистонда жорий йил 1 февралдан бошлаб поезд чипталари нархи 15 фоизга қимматлайди. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ хабар берди.

Қайд этилишича, 1 февралдан бошлаб юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” электропоездлари чипта нархлари 15 фоизга оширилади. Улар учун янгиланган чипта нархлари қуйидагича белгиланади:

Тошкент – Бухоро:

  • VIP — 1 138 000 сўм;
  • Бизнес — 760 000 сўм;
  • Эконом — 509 000 сўм.

Тошкент – Қарши:

  • VIP — 976 000 сўм;
  • Бизнес — 642 000 сўм;
  • Эконом — 429 000 сўм.

Тошкент – Самарқанд:

  • VIP — 709 000 сўм;
  • Бизнес — 455 000 сўм;
  • Эконом — 311 000 сўм этиб белгиланди.

Шу билан бирга, “Шарқ”, “Насаф” ва “Ўзбекистон” йўловчи поездлари чипта нархлари 15 фоизга оширилган.

Билдирилишича, чипталар нархи бугунги кунда юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездларга техник хизмат кўрсатиш ва эҳтиёт қисмлар харажатлари ошгани, электр энергияси ва эксплуатация харажатларининг кўпайгани, ҳаракат хавфсизлигини тўлиқ таъминлаш ҳамда халқаро стандартлар даражасида хизмат кўрсатишни давом эттириш зарурати, электропоездлар инфратузилмасини сақлаш ва доимий модернизация қилиш ишлари ҳамда йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида оширилган.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10-октабрдаги “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти соҳасини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-329-сонли қарорига мувофиқ 2024 йил 1 январдан бошлаб юқори тезликдаги ва тезюрар йўналишдаги поездларда йўловчиларни ташиш хизматлари тарифларини давлат томонидан тартибга солиш амалиётидан воз кечилиб, уларни бозор тамойиллари асосида тартибга солиш механизмига ўтилган.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 1 февраль санасидан бошлаб Ўзбекистонда поезд чипталари нархи қимматлаган эди. Ўшанда юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” электропоездларнинг VIP, Бизнес тоифадаги чипта нархлари 25% га, эконом тоифадаги чипта нархлари 20% га ҳамда тезюрар йўловчи поездлар “Шарқ", “Насаф” ва “Ўзбекистон” поездларнинг чипта нархлари 30% га оширилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

поезд чипта

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг