Ўзбекистонда ниқоблар ишлаб чиқариш 10 бараварга оширилди, чет элга экспорт тўхтатилди
Жамият
−
15 Март 2020
8491Коронавирус хавфи ортидан Ўзбекистон ниқобларнинг нархи сунъий кўтирилиб кетишига йўл қўйилмайди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Давлат солиқ қўмитаси ушбу ҳолатни назорат қилиб боришга жавобгар. Бу ҳақда бугун, 15 март куни Вазирлар Маҳкамасида ўтган Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси йиғилишида маълум қилинди.
Йиғилишда қайд этилишича, ўтган давр мобайнида бутун дунёда кузатилгани каби Ўзбекистонда ҳам ниқобларнинг нархи сунъий ошиб кетиши ҳолати кузатилган. 1000-1500 сўмдан сотилган ҳимоя ниқоблари нархи 5 минг сўмгача кўтарилган.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Нигматович Ариповнинг маълум қилишича, ҳозир ниқобларнинг нархини эски ҳолатига қайтариш бўйича иш олиб борилмоқда.
“Қўштирноқ ичидаги тадбиркорларнинг бошқаларни бошига тушган синов ортидан бойишига ҳеч ким йўл қўйиб бермайди”, дейди Арипов.
Бош вазирга кўра, Ўзбекистонда ниқоб ишлаб чиқариш бундан уч ой аввалги ҳолатга нисбатан 10 бараварга оширилган. Шунингдек, эртадан бошлаб ниқобларни хорижий мамлакатларга экспорт қилиш тўхтатилади.
Ҳукумат раиси мамлакат тиббий воситалар захираси ҳақида гапираркан, Ўзбекистонда ҳимоя нимчаларини ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилганини қўшимча қилди:
“Икки ой аввал Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизими ходимлари учун ҳимоя нимчаларини чиқармас эдик. Шу икки ой ичида нафақат ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик, балки иккита самолётда Хитойга юбордик, яна битта самолётни Эронга жўнатяпмиз. Ўзимизда эса етарли миқдорда захирасини яратдик”.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 15 март куни соат 06:00 да Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилди. Ушбу вирусни юқтириб олган фуқаро жорий йилнинг 11 март куни Франциянинг Париж шаҳридан қайтган. Вирус билан оғриган ўзбекистонлик аёл олий тоифали шифокор бўлган.
Ҳурматли фуқаролар, коронавирус билан боғлиқ вазият сабаб ваҳима кўтаришга асос йўқ. Вирусни юқтириб олмаслик учун санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинг.