Ўзбекистонда қандай маҳкумлар Президентдан афв этишини сўролмайди?
Бу қизиқ
−
12 Декабрь 2019
21447Сўнгги йилларда жиноят содир этган шахсларни афв этиш бўйича 8 та фармон қабул қилиниб, 4 мингдан зиёд шахс жазони ўташ жойларидан озод қилинди. Жорий йил 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллиги арафасида 92 киши Президент фармони билан афв этилди.
Ўзбекистонда маҳкумларни афв этишнинг тартиби қандай? Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари – Президент ҳузуридаги Афв этиш масалалари бўйича комиссия аъзоси Светлана Ортиқова маълум қилди.
“Агар маҳкум жазонинг учдан икки қисмини ўтаса, шундагина унинг Президентга мурожаат қилиш ҳуқуқи пайдо бўлади. Президентимиз томонидан тасдиқланган Низомда бу қоида киритилган. Маҳкум жазо муддатининг учдан икки қисмини ўтаб бўлиб, кейин маъмурият орқали комиссияга ариза билан мурожаат қилади. Ариза комиссияга келиб тушганидан кейин, тегишли ўрганишлар бошланади. Тавсифнома олинади, ким уни кафилликка олади, оиласи ўрганилади, маъмурият у билан ишлайди, биз, шахсан мен бориб ўша маҳкум билан гаплашаман, унинг кўзига қарайман, ҳақиқатан ҳам у тузалиш йўлига кирдими ё йўқми ва бошқа ўзининг усул, услублари бор.
Шунга қараб комиссия йиғилиш қилиб, ҳамма маълумотларни тарозига солиб, Президентга тақдим этсак бўладими ё йўқми деган хулосага келади. Рўйхат шундай кўринишда шаклланади. Бунда қайси модда билан озодликдан маҳрум этилганига қаралмайди, жазо муддатининг учдан икки қисмини ўтаган бўлса бўлди”, дейди Ортиқова.
Маълумот учун, 2018 йилнинг 8 майида Ўзбекистон Руспубликасида афв этишни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги НИЗОМ тасдиқланган. Афв этиш комиссияси фаолиятини мазкур низом асосида олиб боради.
LiveБарчаси