Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморлар ҳақида маълумот олишнинг осон йўли яратилди
Жамият
−
03 Апрель 2020
23391Ўзбекистонда коронавирус COVID-19га чалинган беморларнинг эпидемиологик маршрути билан танишиш имкони яратилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар бермоқда.
COVID-19 билан касалланганлар мамлакатимизнинг қайси ҳудудларидан, улар ихтисослаштирилган тиббиёт муассасасида даволанишни бошлашларидан аввал қайси жойларда бўлишган, эҳтиёт чораларини кўриш учун улар билан мулоқот эҳтимолини қандай билиш мумкин?
Ушбу саволларга жавоб бериш мақсадида вазирликнинг COVID-19 бўйича расмий сайтида “Ягона интегратор UZINFOCOM” МЧЖ ҳамкорлигида янги функция яратилди. Яъни, биринчиси, сайтда касаллик қайси ҳудудларда тасдиқланганини ифода этувчи харита билан танишиш мумкин.
Иккинчиси эса, ушбу харита остида “Коронавирус инфекцияси тасдиқланган беморларнинг эпидемиологик маршрути” тугмасини боссангиз беморларнинг шифохонага келишларидан аввал қаерларда бўлганликларини кўришингиз мумкин бўлади. Ушбу маълумотларни олгач, эҳтиёткорлик юзасидан бу ҳудудларга бормасликка ҳаракат қилинг, ўзингиз ва яқинларингизни асранг!
Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқаролардан ишончли ва тўлақонли маълумот олиш учун 1003 қисқа рақамли Call-марказига мурожаат қилишлари ҳамда вазирликнинг расмий сайти ва Telegram канали, COVID-19 бўйича расмий сайти, “coronavirusyordam” Telegram бот каналидан фойдаланишларини тавсия этади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача коронавирусга чалинганлар 221 нафарга етди. Уларнинг 25 нафари даволанди, 2 нафари вафот этди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси